The Blood Gold: Африкада қазилаётган олтин Кремлга миллиардлаб даромад келтирмоқда

Судандаги ҳарбийлар.

Африка давлатларида қазиб олинган ва халқаро бозорларда “ювилган” олтин Россия давлатига Украина урушини олиб бориш учун зарур бўлган миллиард долларни келтирмоқда. Африка-Европа муносабатлари бўйича эксперт Жесика Берлин раҳбарлигидаги The Blood Gold аналитик маркази тадқиқотчилари мана шундай хулосага келди.

“Халқаро француз радиоси” хабарида айтилишича, тадқиқотчилар Африка давлатларида “Вагнер” ХҲШ жангариларини молиялаштириш методларини батафсил ўрганган.

Малида минг нафарга яқин рус ёлланма жангчиси ҳокимиятда ўтирган ҳарбий хунтани ҳимоя қилаётгани ва жиҳодчи гуруҳларга қарши курашаётгани учун маҳаллий қўмондонликдан ойга 10,8 миллион доллар нақд пул олади. “Халқаро француз радиоси” бу маълумотни АҚШ разведка хизматларига таянган ҳолда келтирган.

Малидаги хунта даромадлари унча кўп бўлмаган халқаро олтин қазиб олувчи ширкатларга қарамдир. Улар орасида Канаданинг Barrick Gold ширкати ҳам бор. Бу ширкат 2023 йилда Мали ҳукуматига 206 миллион доллар солиқ тўлаган.

Марказий Африка Республикаси (МАР)да эса “Вагнер”га Ндассима конини ишлатишга эксклюзив ҳуқуқ берилган. Бир йилда бу кондан 290 миллион долларлик олтин қазиб олинади.

Суданда “Вагнер” ХҲШ йирик олтинни қайта ишловчи заводни назорат қилади ва олтинни сотиб олиб, кейин экспорт қилади.

Судан ўн йилдан кўпроқ давр мобайнида Кремлга алоқадор тузилмалар билан йирик миқдорда савдо-сотиқ қилиб келаётгани тўғрисида ишончли ва кенг қамроқли далиллар мавжуд бўлишига қарамай, расман бу мамлакатдан Россияга олтин экспорти нолга тенг.

CNN Судан Марказий банкидан олишга муваффақ бўлган ҳужжатларга таянган ҳолда, бу мамлакатда 2021 йилда камида 32,7 тонна олтин “йўқолиб қолгани” ҳақида хабар берган. Хабарда айтилишича, бунинг асосий сабаби “Вагнер” томонидан олтиннинг контрабанда қилинишидир.

“Халқаро француз радиоси” Россия ёлланма жангчиларининг Африкадаги бу бизнеси “Россия ҳарбий машинасининг ишлашига кўмаклашибгина қолмай, балки минтақани беқарорлаштиришга ва бу мамлакатлардаги Ғарб таъсирини сусайтиришга хизмат қилмоқда”, деб ёзди.