Янгийўллик 45 яшар тадбиркор Дилшод Рустамов - Аҳмад Турсунбоевга пул берганини расман билдириб¸ ҳуқуқ тизимларидан маблағини ундириб беришни сўраганлардан бири.
2016 йил сентябрида аризаси МХХ томонидан кўриб чиқилаëтгани айтилган Дилшод Рустамовнинг "мақоми" 2018 йилнинг январь ойида МХХ терговчилари томонидан жабрланувчидан "жиноятчининг шериги"га ўзгартирилди.
Расмий даъвогар
Тадбиркор Дилшод Рустамов 2015 йилда иккита "Дамас" автомобилини Аҳмадбой Турсунбоевга топшириб¸ у ҳибсга олингунга қадар¸ машиналар қийматидан келишилган миқдорда фоиз олиб турган.
2016 йилнинг 15 июнь куни Аҳмадбой ҳибсга олинганида¸ унинг машиналар устига¸ ҳовлисини сотиб берган 70 минг долларга яқин пули ҳам "бедарак кетган".
2016 йил июль ойида Дилшод Рустамовнинг ўғли Чиноз туман Ички ишлар бўлимига пулига даъво қилиб¸ ариза топширган.
19 сентябрь куни Янгийўл туман Ички ишлар бўлими биносида МХХ ходимлари суҳбат ўтказиб¸тушунтириш аризаси ëздириб олган¸ суд ниҳоясида пуллари қайтариб берилиш эҳтимоли катта эканини баëн қилган.
Бу аризасидан натижа бўлмагач¸ жорий йилнинг 8 январида республика МХХсига пулини ундиришни сўраб қайта мурожаат қилган.
Бу мурожаат ортидан Дилшод Рустамов ва аризага қўл қўйган 22 яшар ўғли Жавоҳир 2018 йилнинг 11 январь куни МХХнинг эски Гвардейская кўчасидаги Тергов бошқармасига чақиртирилган.
Жавоҳир Рустамовни эрталабки соат 9 га чақиртирган терговчи Улуғбек Тўхтасинов¸ у билан 12:30 гача “суҳбатлашган” ва Рустамовдан Аҳмадбойдан 34 миллион сўм атрофидаги маблағни ундириб беришингизни сўрайман¸ деган расмий ариза ëздириб олган.
Эрталабки суҳбат давомида терговчи Рустамовга пулни қайтаришда давлат томонидан ëрдам кўрсатилишини қайта-қайта таъкидлаган.
“Суҳбат”дан чиқиб¸ уйига келиши билан ота-бола Рустамовларни яна МХХ идорасига чақиртиришган.
Бу галги суҳбат энди бутунлай бошқа руҳда бўлди¸ дейди Озодлик 23 февраль куни суҳбатлашган Дилшод Рустамов.
- Бизга қаттиқ руҳий босим ўтказишди. Аҳмадбойга берган машинангни қайси пулингга олгансан¸ қаерда қанча мулкинг бор¸ нечта машинанг бор¸ ҳаммасини хатлатамиз¸ керак бўлса¸ мусодара қиламиз. Аҳмадбойнинг жиноятига шериксан¸ ҳозир сизга нисбатан ҳам жиноий иш очиб¸ Аҳмадбойнинг ëнига подвалга тиқиб қўяман¸ деб қўрқитди. Охири¸ биринчи аризанинг тескарисини ëздиришди. Ўғлимга Аҳмадбойга берган пулимга даъво қилмайман¸ деган қоғозга қўл қўйдиришди. Устига устак¸ “суҳбат қонунга мувофиқ ўтказилди¸ ҳеч қандай босим бўлмади¸ терговчиларга эътирозим йўқ”¸ деган қоғозга ҳам қўл қўйдиришди¸ дейди Дилшод Рустамов.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Ота-ўғил Рустамовларнинг айтишича¸ 11 январь кунги тергов давомида терговчилардан бири уларга 5300 АҚШ доллари¸ яна бошқаси 6000 доллар миқдорида жаримага тортилишни айтиб, пўписа қилган.
23 февраль куни Озодлик мухбири Миллий хавфсизлик хизмати Тергов бошқармаси билан боғланиб¸ Рустамов шикоятига муносабат олишга уринди.
Бошқарма ходими¸ тилга олинган Улуғбек Тўхтасинов билан телефон орқали гаплашиш мумкин эмаслигини айтиб¸ Тергов бошқармасига шахсан келишни сўради.
(Озодлик Прагада жойлашгани учун¸ бундай таклифни ҳозирча қабул қила олмайди.)
Халқ орасида Аҳмадбой номи билан танилган “Чиноз ҳалол чорва” ва “Чиноз авто ҳамкор” МЧЖ муассиси бўлган судланувчи бир йилда икки баробар қилиб қайтариш шарти билан одамларнинг катта маблағини ноқонуний равишда олганликда айбланиб, 2016 йилда МХХ томонидан ҳибсга олинган эди.
2018 йилнинг 21 февраль куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди Турсунбоевни Жиноят Кодексининг қатор моддалари бўйича айбдор деб топиб¸ унга 13 йиллик қамоқ жазоси тайинлади. Айни пайтда¸ унга нисбатан амнистия қўлланилиб¸ бу муддат тўртдан бирга қисқартирилди.
Аҳмадбойга пул берганлар қонун олдида ким - жабрланувчими ëки жиноятга шерикми?
Озодлик бу саволга ҳуқуқий изоҳ беришни сўраб Ўзбекистон Олий судига мурожаат қилди.
Суд мулозими бу саволга ҳар бир алоҳида ишдан келиб чиқиб жавоб берилишини билдирди:
- Бу савол судга эмас¸ тергов органларига берилиши керак. Кимнинг жабрланувчи¸ кимнинг эса¸ жиноятга шериклигини тергов ҳал қилади¸ шунинг асосида суд ҳукм чиқаради. Тергов ўзини жабрланувчи деб ариза берганлар ишини кўриб чиққанидан кейин¸ уларнинг ҳаммаси бирваракайига навбатдаги судда кўриб чиқилади. Ҳукм эса тергов хулосасига асосланади¸ деди Олий суд расмийси.
Тошкент шаҳридаги адвокатлик хизмати мутахассиси ҳам айни мазмунда гапирди:
- Суд иши шунақа жараëнки¸ гувоҳ ëки жабрланувчи иш давомида жиноятга шерикка айланиши мумкин. Буни тергов¸ охирида эса¸ суд ҳал қилади. Аҳмадбой иши бўйича ким жабрланувчию¸ ким жиноятга шерик - ҳолатнинг оғир-енгиллиги¸ берилган сумма¸ қаерда пул берилди¸ нима асосида берилди¸ қанча фойда кўрилди¸ шу каби мезонлар билан аниқланади. Ҳар бир шикоятчининг аризаси алоҳида кўриб чиқилади тергов давомида¸ деди Озодлик суҳбатлашган Тошкентдаги ҳуқуқий хизмат ширкатларидан бири адвокати.
2016 йил июль ойида Озодлик суҳбатлашган Тошкент вилояти ҳуқуқ тизими мулозимларидан бири¸ Турсунбоевга пул берганларнинг камида 45 минг экани ва уларнинг ярми ўзларини жиноятчига чиқаришларидан қўрқиб¸ ариза ëзмаганини билдирган эди.
Молиявий пирамида қурганликда айбланиб¸ 21 февраль куни 13 йилга қамалган Аҳмад Турсунбоевга пул берган ўзбекистонликлар сони қарийб 50 мингга боради.
Шоу бизнес юлдузларидан оддий деҳқонгача пули¸ қимматбаҳо тақинчоқ ва машиналаригача Аҳмадбойга фоизга бериб¸ 2016 йилнинг 15 июнь куни "бой" қўлга олиниши ортидан¸ унга берганидан ажраб қолди.
Аҳмад Турсунбоев ўтган йили қўлга олинганидан кейин ўтган бир ҳафта ичидаёқ¸ Озодликнинг ҳуқуқ -тартибот органларидаги манбасига кўра, Аҳмадбойдан пулини ундириб беришни сўраб ариза берганлар сони 20 мингдан ошган эди.