Расман: Ўзбекистонда аҳоли сони кунига 2,1 минг кишига ошмоқда. Ўртача умр кўриш 74 ёшни ташкил этди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда ҳар куни аҳоли сони ҳар куни ўртача 2,1 минг кишига ошмоқда ва 2023 йилнинг 1 октябрь ҳолатига доимий аҳоли сони 36 599 764 кишига етди. Бу ҳақда Статистика агентлиги маълум қилди.

Расман билдирилишича, аҳоли сони ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда 2,2 % га ошган, яъни 2023 йил бошидан буён 574,8 минг кишига кўпайган.

Ўзбекистон аҳолисининг 18 176 873 нафари аёл, 18 422 891 нафари эркак. Эркаклар сони аёллардан 246 018 нафарга кўп.

Статистика агентлиги маълумотида қайд этилишича, Ўзбекистонда умр кўриш ўртача 74,3 ойни ташкил қилмоқда. Ушбу кўрсаткич эркаклар учун 72,1 ёш, аёллар учун 76,6 ёшга тўғри келган.

Агентлик ҳисоботида айтилишича, 2023 йил 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда аҳолининг 5,4 фоизни 65 ва ундан юқори ёшдагилар ташкил қилган.

“Бу кўрсаткич халқаро мезонлар бўйича Ўзбекистон аҳолиси “демографик кексайиш бўсағасида”ги мамлакатлар қаторига киришини англатади”, дейилади агентлик ахборотида.

Халқаро мезонларга кўра, 65 ва ундан юқори ёшдаги аҳоли улуши 4 фоиздан кам бўлса мамлакат демографик ёш, 4–7 фоиз бўлса кексайиш бўсағасида, 7 фоиздан ошса демографик кекса ҳисобланади.

2023 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, республика доимий аҳолиси сонининг 32 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдан кичиклар, 56,5 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдагилар ва 11,5 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдан катталар ҳиссасига тўғри келмоқда.