Жорий йилнинг ҳар бир кунида Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ўртача 1 900 кишига кўпаймоқда, деб хабар берди 26 июль куни Статистика агентлиги.
Расман билдирилишича, ҳар ойда Ўзбекистон аҳолиси ўртача 57,9 минг кишига ошиб бормоқда. Ўтган олти ой ичида ўзбекистонликлар сони 347,3 минг кишига кўпайган.
Бир неча кун олдин Статистика агентлиги 2023 йилнинг 1 июль ҳолатига республика доимий аҳолиси 36 миллион 372 минг 276 кишини ташкил этганини билдирган эди.
Агентликка кўра, республика аҳолисининг 18 миллион 66 минг нафарини аёллар, 18 миллион 306 минг 300 нафарини эса эркаклар ташкил этмоқда.
Булардан 18 миллион 557 минг 500 нафари шаҳарларда, 17 миллион 815 минг 800 нафари эса қишлоқ жойларда истиқомат қиляпти.
Марказий Осиё минтақасида энг кўп одам яшайдиган Ўзбекистон айни пайтда аҳоли сони бўйича жаҳондаги мамлакатлар орасида 41-ўринда турибди.