AI Латвияни қочқинларга нисбатан шафқатсизликда айблади

Беларусда чегарага яқин жойда жойлашган логистика марказидаги мигрантлар

Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилоти сўнгги ҳисоботида Латвия ҳукуматини республикага Беларусь орқали киришга уринаётган қочқинлар билан шафқатсиз муносабатда бўлганликда айблади.

Ҳисоботда қайд этилишича, қочқинлар Латвия ўрмонларидаги “номаълум жойлар”да ушлаб турилган, сўнгра куч билан Беларусь ҳудудига қайтарилган. Ҳуқуқбонлар бу одамлар қийноққа солинаётгани, калтакланаётгани ва уларга бошпана сўраб мурожаат қилиш имкони берилмаётганини иддао қилишган.

Amnesty International ҳисоботида қочқинлардан жуда озчилик Латвияга киришга муваффақ бўлгани, аммо уларнинг аксари ҳибсда сақланаётгани ва юридик ёрдам олиш имкониятидан маҳрумлиги айтилган.

Латвия ташқи ишлар вазири Эдгар Ринкевич ҳуқуқбонлар ҳисоботини танқид қилган. “Amnesty International’га ишонч қолмаган эди, бир пайтлар ҳурматга сазовор бўлган инсон ҳуқуқлари ташкилоти муваффақиятсизликка учрагани мазкур ҳисобот билан яна бир бор тасдиқланди. Латвия бу сохта айбловларни рад этади”, деган Ринкевич.

Латвия ҳукумати Евроиттифоққа ўтиб олишга уринаётган мигрантлар сони ўта кўпайиб кетгани туфайли 2021 йил августида Беларусь билан чегарадош ҳудудларида фавқулодда ҳолат жорий этган.

Amnesty International’га кўра, ташкилотнинг Латвияга оид ҳисоботи Беларусь, Польша ва Литвада қочқинлар ва мигрантлар билан муомалада хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳолатларига бағишланган муқобил ҳисоботларни тўлдиради.