AI раҳбари Путиндан Навальнийнинг олдига шифокорни киритишни илтимос қилди

Навальний қамоқхонада 31 март куни очлик эълон қилган.

Amnesty International халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти бош котиби Аньес Калламар Россия президенти Владимир Путинга қамоқдаги мухолифатчи Алексей Навальний олдига “ўзи ишонган шифокор”ни киритиш илтимоси билан мурожаат қилди. Калламар ўз мурожаатида Путинни Навальнийни зудликда қамоқдан озод қилишга чақирган.

Калламар Навальний асоссиз равишда қамалганини ва қамоқда унинг саломатлиги кескин ёмонлашганини алоҳида таъкидлади. Amnesty International раҳбари Россия ҳукумати мухолифатчи Навальнийни “секинлик билан ўлдирмоқда”, деб ҳисоблайди.

Бир неча кун олдин Владимир вилоятининг Покров шаҳрида 2-сонли қамоқхонада сақланаётган Алексей Навальний соғлиғи ёмонлашгани муносабати билан ўз олдига врачни киритишни талаб этиб очлик эълон қилгани айтилган эди.

Навальнийга кўра, унинг отрядидаги 15 кишидан уч киши сил ташҳиси билан касалхонага ётқизилган. Шифокорлар Навальнийнинг тана ҳарорати 38,1 градус эканини ва уни қаттиқ йўтал тутаётганини аниқлаганлар.

5 апрель куни кечқурун Жазони ўташ хизмати Навальний “ўткир респиратор касаллиги” ташҳиси билан қамоқхона касалхонасига ётқизилганини билдирди. Аммо Навальний очликни тўхтатган эмас.