Олий Мажлис Қонунчилик палатаси раисининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов “2022–2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” тақдимотида конституция ислоҳоти ҳақида гапирар экан, ўз сўзини социализм ва коммунизм фалсафаси асосчилари Карл Маркс ва Фридрих Энгелснинг “Коммунистик партия манифести”дан иқтибос келтириш билан бошлади.
Kun.uz нашрининг ёзишича, Акмал Саидов ўз сўзини “Карл Маркс ва Фридрих Энгелснинг “Коммунистик партия манифести” биринчи жумласи Европада коммунизм шарпаси кезиб юрибди, деб бошланган. Мен шуни сал бошқачароқ қилиб, ҳозир бутун дунёда конституциявий ислоҳотлар шарпаси кезиб юрибди, деган бўлардим”, деб бошлаган.
Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси ва расман “мамлакатдаги етук ҳуқуқшунослардан бири” сифатида тан олинган Акмал Саидов ўз чиқишида “охирги 25 йилда юздан ортиқ давлатда конституциявий ислоҳотлар бўлаётгани, 21 асрда 57 та давлатда конституция қабул қилингани ва ҳозир бирор давлатда ўзгартириш киритилмаган конституция қолмагани”ни иддао қилган.
Айни пайтда Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев “2022–2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” тақдимотида “Олдимизда турган ўта долзарб ва мураккаб вазифа – қонун ижодкорлиги соҳасидаги ишни бутунлай янгича ташкил қилишдан иборатдир”, - деб айтди.
Хабарларда Содиқ Сафоев “тўғридан тўғри амал қилинадиган қонунларга ўтиш даври келди” ва “батамом янгича типдаги қонунларни қабул қилиш зарур” дегани таъкидланган.
Олий Кенгаш Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси 16 май куни бўлиб ўтган йиғилишида конституцияга ўзгартишлар киритиш жараённини бошлашни таклиф қилган эди.
Расмий баёнотда Ўзбекистонда ўтказилаётган ислоҳотлар ортидан конституцияга ҳам қўшимча ва ўзгартишлар киритиш зарурати пайдо бўлгани уқтирилади.
Мавзуга алоқадор Янги конституция, янги муддат? Ўзбекистонда асосий қонунни ўзгартиришга старт берилдиШавкат Мирзиёев иқтидорга келганидан сўнг ҳам конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган.
Жумладан, 2017 йилда конституцияга суд тизимини модернизация қилишга йўналтирилган, 2019 йилда эса “ҳукумат ва унинг ҳисобдорлигини демократиялаштириш”га қаратилган тузатишлар киритилди.
2021 йилда президентликка қайта сайланганидан сўнг ҳам Шавкат Мирзиёев мамлакатга конституциявий ислоҳотлар зарурлигини таъкидлаган.
Ўтган йилнинг 7 декабрь куни Конституция куни муносабати билан "Ўзбекистон халқига табриги"да президент Мирзиёев мамлакат асосий қонунига ҳозирга қадар 7 марта ўзгартиришлар киритилганини айтди ва уларни "демократик ислоҳотлар" зарурати билан тушунтирди.
1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Конституциясига шу пайтгача 16 марта ўзгартиришлар киритилган.