Ўзбекистон учун Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи давлат мақоми кўпроқ мақбул. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов 17 октябрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги очилишида айтган.
“Мен Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзо бўлиш имкониятини ўрганиш бўйича парламент комиссиясига раҳбарлик қиламан. Биз ушбу ташкилотнинг мингдан ортиқ турли ҳужжатини синчковлик билан ўрганиб чиқдик ва бугунги кунда ЕОИИ ҳузурида кузатувчи мақомини сақлаб қолиш Ўзбекистон манфаатларига мос келади деган хулосага келдик”, деган Саидов.
Спикер муовинининг таъкидича, қўшни Қозоғистон ЕОИИга қўшилишдан кам фойда кўрган.
Узоқ йиллардан буён қатор халқаро тадбирларда Ўзбекистонни тамсил этиб келаётган Акмал Саидов мамлакат ҳудудида хорижий ҳарбий базалар бўлишига йўл қўйилмаслигини ҳам урғулаган.
“Конституциямизнинг биринчи моддасида Ўзбекистон суверен давлат экани таъкидланган. Агар гап қандайдир ҳарбий мудофаа тузилмалари ва ташкилотларига аъзо бўлиш ҳақида кетса, биз бунга йўл қўймаймиз. Биз ҳеч қачон ўз йигитларимизни (чет элга) бирон-бир ҳарбий, шу жумладан, тинчликпарвар миссияларни бажариш учун юбормаймиз. Бизнинг ҳудудимизда ҳеч қандай хорижий ҳарбий базалар бўлмайди”, деган у.
ЕОИИ 2014 йилда Беларусь, Қозоғистон ва Россия иштирокида тузилган. 2015 йилда унга Қирғизистон билан Арманистон қўшилган. Ўзбекистон ва Куба мазкур тузилмада 2020 йилда кузатувчи мақомига эга бўлган.
Экспертлар Россия ҳали халқаро санкцияларга йўлиқмаганидаёқ ЕОИИни аъзо давлатлар учун манфаатли эмас, деб ҳисоблашарди. ЕОИИ фақат Россия фойдасига хизмат қиларди. Москвага қарши санкциялар жорий этилганидан сўнг ЕОИИ мамлакатларида иттифоқдан чиқиш тарафдорлари янада кўпайган.