Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ўринбосари Умида Тўхташеванинг айтишича, агентлик давлат харидларидаги қариндош-уруғчиликни ўрганмоқда.
Бу ҳақда Тўхташева 7 январь куни Тошкентта ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.
Унинг таъкидича, сўнгги бир неча ҳафта ичида вилоятлардаги йирик давлат харидларида қариндош-уруғчилик иллати яққол кўриниб қолган.
«Ўрганишлар амалга оширилмоқда. Ўрганишлар натижасида агар жиноий иш қўзғатиш учун асослар бўлса, тегишли материаллар прокуратура ва бошқа тегишли мутасадди органларга юборилади. Улар жазоланадими ёки йўқми, бу масала ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тегишли.
Чунки тегишли жиноий иш доирасида ўрганишлар натижасидагина шу хулосага келиш мумкин бўлади. Бу хулосани биз чиқармаймиз, биз фақат материал тақдим қиламиз. Тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг қарори асосида бу масала ҳал қилинади», - дейди Тўхташева хоним.
Кузатувчилар аксилкоррупция агентлигининг бу борадаги жонланишини Президент Шавкат Мирзиёевнинг 29 декабрь куни Парламентга мурожаатидаги давлат харидлари жамоатчилик ва парламент назоратида бўлиши талаби билан изоҳламоқда.
“Озодлик” Жиззах шаҳрини ободонлаштириш бўйича 2 миллиард сўмдан ортиқ давлат буюртмасини вилоят ҳокимининг қизига қарашли корхона олгани ва Хоразмда эса вилоят ҳокимининг ўринбосари 20 миллиард сўмлик буюртмаларни ўз укасига ўтказишга эришгани ҳақида хабар қилганди.