Аксилмонополия қўмитаси 34 та кластерни чигит нархини келишиб оширганликда гумонлаяпти

Монополияга қарши курашиш қўмитаси биржа савдоларида техник чигитнинг бошланғич нархларини келишиб сунъий ошириш ва рақобат тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилиши аломатлари юзасидан 34 та пахта-тўқимачилик кластерларига нисбатан иш қўзғатган.

Бу ҳақда маълумот тарқатган қўмита матбуот хизматига кўра, бу қарорга МҚКҚ пахта ёғи нархлари кескин ошганлиги юзасидан ўтказилган ўрганиш натижасида келган.

“Таҳлил натижаларига кўра, жорий йил апрел ойи давомида биржа савдоларига 40 та пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан техник чигит савдоларга қўйилганлиги ҳамда қўйилаётган техник чигитнинг бошланғич нархлари апрель ойида ўртача 38 фоизга кўтарилганлиги аниқланган”, дейилган аксилмонополия қўмитаси хабарномасида.

Ўзбекистонда ўсимлик ёғи нархининг ошишига асосан кунгабоқар уруғлари ишлаб чиқариш ва экспортнинг қисқариши билан боғлиқ ташқи муҳит таъсир кўрсатаётганини қайд этган МҚКҚ айни пайтда айрим пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариш ташкилотчилари ҳам вазиятдан фойдаланган ҳолда пахта чигити нархини асоссиз оширишгани, бу эса пахта ёғи нархига ҳам ўз таъсирини кўрсатганига эътибор қаратган.

Аксилмонополия қўмитаси мулозимлари Газета.uz нашрига мазкур кластерлар вакиллари буйруқни бажариб, ўз хатоларини тўғрилашлари кераклигини урғулаган.

“Қўмита уларнинг келишув йўли билан тузилган шартномаларини бекор қилиш ҳуқуқига эга. Агарда талаб бажарилмаса, маъмурий жавобгарликка тортилишлари мумкин”, дея иқтибос келтирган МҚКҚ вакиллари сўзларидан онлайн нашр.