Аксилмонополия қўмитасининг UzAuto Motors иши юзасидан апелляция шикоятини кўриб чиқиш бўйича суд бошланди

Монополияга қарши курашиш қўмитаси вакиллари UzAuto Motors АЖ автомобиллар нархининг асоссиз оширган, деб ҳисоблайди.

Тошкент шаҳар маъмурий судининг апелляция инстанциясида 11 декабрь куни Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан UzAuto Motors иши бўйича аввалги суд қарори устидан киритилган апелляция шикоятини мазмунан кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни бошланган. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Аввалроқ Озодлик Тошкент шаҳар маъмурий суди 30 октябрь куни Монополияга қарши курашиш қўмитаси махсус комиссиясининг UzAuto Motors иши бўйича шу йил 19 августида чиқарган қарорини ҳақиқий эмас, деб топгани ҳақида хабар қилган эди. Аксилмонополия қўмитаси мазкур қарор устидан 18 ноябрь куни аппеляция шикояти киритган.

Монополияга қарши курашиш қўмитасининг UzAuto Motors эътирозига сабаб бўлган қарорига мувофиқ, ширкат енгил автомобилларнинг базавий улгуржи ва чакана сотиш нархларини ўртача 10,29 фоизга ошириб шакллантирган. Қўмита комиссияси ўз қарори билан UzAuto Motors зиммасига енгил автомобиллар нархининг асоссиз оширилган қисмини пасайтириш ва ортиқча олинган маблағни (ҳар бир автомобилдан камида 3 млн сўмдан) истеъмолчиларга қайтариш мажбуриятини юклаган. Бундан норози бўлган UzAuto Motors судга мурожаат қилиб, маҳкамада ютиб чиққанди.

Олий суд матбуот хизмати қайдича, бугунги судда сўз олган UzAuto Motors вакили судлов ҳайъатига мурожаат қилиб, ишни кўриш жараёнида давлат сири ва тижорат сири билан боғлиқ масала муҳокама қилинганида суд мажлисини ёпиқ тарзда ўтказишни сўраган.

Сўнгра Монополияга қарши курашиш қўмитаси вакилининг келтирилган апелляция шикояти юзасидан фикри ва саволларга жавоблари тингланган.

Қўмита вакили томонидан судлов ҳайъатига илтимоснома киритилиб, унда ишни кўришда тараф сифатида “Azimavtomotive” МЧЖни жалб этиш ҳамда “UzAuto Motors” акциядорлик жамияти томонидан киритилган шикоят аризадаги имзони ҳақиқийлигини текшириш мақсадида судга оид хатшунослик экспертизаси тайинлаш сўралган.

Судлов ҳайъати ўз ўрнида ажрим қилиб, судга оид хатшунослик экспертизасини тайинлаш тўғрисидаги илтимосномани қаноатлантиришни рад этган ҳамда ишни кўришда тараф сифатида “Azimavtomotive” МЧЖни жалб этиш тўғрисидаги илтимоснома муҳокамаси UzAuto Motors вакиллари фикри тингланганидан сўнг кейинга қолдирилган.

Кейинги суд муҳокамаси 18 декабрга белгиланган.