АҚШ “Ал Қоида” лидери Айман аз Завоҳирий жисмонан йўқ қилинганини билдирди

Усома бин Лодин (чапда) ва Айман аз Завоҳирий.

Кобулда 31 июль куни учувчисиз бошқариладиган самолётдан берилган зарба натижасида Айман аз Завоҳирий ўлдирилди. У АҚШ махсус кучлари томонидан Усома бин Лодин ўлдирилганидан бери “Ал Қоида”га етакчилик қилиб келаётган эди.

Разведка маълумотларига қараганда, Завоҳирий 2001 йил 11 сентябрда АҚШга қилинган энг йирик террорчилик амалиётининг асосий ташкилотчиси бўлган. Бу террор оқибатида АҚШда деярли уч минг киши ҳалок бўлганди.

1 август куни бу хабарни жамоатчиликка етказган президент Жо Байден Завоҳирийнинг манзили АҚШ разведкаси томонидан аниқланганини айтди. Байден Кобулда Завоҳирий яшаётган уйга ҳаводан зарба бериш тўғрисида шахсан ўзи буйруқ берганини таъкидлади. Унга кўра, Завоҳирий яшаётган уйга иккита ракета отилган. Байденга кўра, Завоҳирийнинг оила аъзолари ва қўшниларига зарар етмаган.

«Толибон» ҳукумати АҚШнинг Завоҳирийни йўқ қилиш бўйича Кобулда ўтказган амалиётини қоралади. Толибон баёнотида айтилишича, АҚШ “Кобулда нуфузли шахслар яшайдиган мавзедаги уйлардан бирига зарба берган”. New York Times газетасининг ўз манбасига таяниб ёзишича, уй “Толибон” раҳбариятида юқори лавозимлардан бирини эгаллайдиган Сирожиддин Ҳаққонийга тегишли бўлган. Нашр манбаси ҳаводан зарба берилган пайтда Завоҳирий балконда бўлганини айтган.

21 йилдан бери қидирилаётган Завоҳирийнинг жисмонан йўқ қилиниши президент Жо Байденнинг катта сиёсий муваффақиятидир. Айни пайтда Завоҳирийнинг узоқ вақт Кобулда яшагани “Толибон”нинг Афғонистон “террорчилар уйига айланмаслиги” тўғрисидаги ваъдаларини шубҳа остига қўймоқда.