Ҳозирда қамоқда сақланаётган мухолифатчи Алексей Навальний Россияда демократик қадриятларни ҳимоя қилишда кўрсатган жасорати учун Борис Немцов мукофоти лауреатига айланди. Бу ҳақда Борис Немцов фонди маълумот тарқатди. Мукофот лауреатининг исми ҳар йили Немцов ўлдирилган сана – 27 февраль куни очиқланади.
Фонд хабарномасида Навальний “шахсий жасорат намунасини намойиш этибгина қолмай”, Россияда коррупцияни фош қилиш ҳамда мамлакатда сақланиб қолган процедураларда фуқаролар иштироки даражасини оширишга улкан ҳисса қўшгани айтилган.
“Ўз фаолияти мобайнида у Россиядаги энг нуфузли мухолифатчига ҳамда дунёдаги мустабидликка қарши кураш рамзига айланди”, дейилган хабарномада. Фонд Россия расмийларини Навальнийни зудлик билан озод қилишга чақирган.
Алексей Навальнийнинг номзоди мазкур мукофотга аввалги йилларда ҳам бир неча бор кўрсатилган, бироқ мухолифатчи лауреат бўлолмаганди. Ўтган йили Борис Немцов мукофоти ўша пайтда ҳибсда бўлган Константин Котовга топширилганди.
Мухолифатчи Навальний заҳарлангани ортидан муолажа олган Германиядан шу йил 17 январида Москвага қайтиб келиши биланоқ қўлга олинганди. 2 февраль куни суд “Ив Роше” иши бўйича мухолифатчига нисбатан чиқарилган шартли жазони ҳақиқий қамоқ жазосига алмаштирган. Ўтган ҳафта у Москвадаги тергов ҳибсхонасидан колонияга этап қилинган.
Шанба куни кўп агентликлар “Ярновости” нашрига таянган ҳолда Навальний Владимир вилоятидаги режимининг аёвсизлиги билан ном чиқарган 2-колонияга йўлланиши ҳақида хабар қилишганди. Бироқ бу маълумот расмийлар томонидан ҳам, мухолифатчининг адвокатлари томонидан ҳам тасдиқланган эмас.
Навальний ва Немцов 2011–2012 йиллардаги норозилик акциялари уюштирув қўмитасида, мухолифатнинг мувофиқлаштирувчи кенгашида бирга фаолияти юритишган, Немцов 2015 йили ўлдирилишидан аввалроқ эса улар биргаликда “Баҳор” норозилик юришига ҳозирлик кўраётган эдилар. Борис Немцов мазкур юришга 2 кун қолганида ўлдириб кетилганди.