Россия Тергов қўмитаси мухолифатчи Алексей Навальнийга янги жиноят иши бўйича айблов эълон қилди. Сиёсатчи фуқароларнинг шахси ва ҳуқуқларига тажовуз қилувчи ташкилот тузганликда айбланмоқда.
Колонияда қамоқ муддатини ўтаётган Навальний ушбу модда билан яна уч йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Қўмита сайтида эълон қилинган тергов позициясига кўра, мухолифатчи ўз тарафдорлари Леонид Волков ҳамда Иван Ждановлар билан бирга ташкилот тузиб, унинг номидан ва ўз шахсий саҳифалари орқали жорий йилнинг январь ойида фуқароларни рухсат берилмаган митингларда иштирок этишга чақирганлар.
Навальнийнинг ўзи 17 январь куни “Шереметьево” аэропортида полиция томонидан қўлга олиниб, “Лефортово” тергов ҳибсхонасига олиб кетилган эди.
Бундан ташқари, Тергов қўмитаси Навальний Коррупцияга қарши кураш фонди асосчиларидан бири эканини эслатган. Тергов фонд фаолияти “фуқароларни ғайриҳуқуқий хатти-ҳаракатлар содир этишга ундаш” билан боғлиқ бўлганига ишонади. Ташкилот Россияда дастлаб “хорижий агентлар”, сўнгра экстремистик ташкилотлар рўйхатига киритилиб, фаолияти тақиқланган.
Навальний февраль ойида 2014 йилда очилган жиноят иши бўйича озодликдан маҳрум этилиб, айни пайтда колонияда жазо муддатини ўтамоқда. Ҳукмга мувофиқ, у 2023 йил кузида озодликка чиқиши керак. Волков билан Жданов шу кунда чет элда.
Навальний ва унинг тарафдорларининг жиноий таъқиб қилиниши ҳуқуқбонлар томонидан мухолифатга қарши сиёсий ишлар сифатида баҳоланмоқда. АҚШ ва Евроиттифоқ уни озод этишни талаб қилган. Amnesty International ташкилоти мухолифатчини “виждон тутқуни” деб, “Мемориал” ҳуқуқбонлик ташкилоти эса сиёсий тутқун, дея тан олган.