Алишер Усмонов Германиядаги банк билан судлашмоқда

Алишер Усмонов

Асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов UBS Europe SE (собиқ UBS Deutschland AG) банки устидан Франкфурт судига даъво аризаси киритди. Бу ҳақда “Коммерсантъ” нашри тадбиркорнинг адвокати Штефани Рабенаудан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Даъвогар 2018-2022 йилларда банк гўё Усмонов томонидан амалга оширилган шубҳали молиявий операциялар ҳақида Германиянинг молиявий расмийларига “бир қатор асоссиз билдиришномалар” йўллаган, деб ҳисоблайди. Бу эса “унга қарши сиёсий сабабларга кўра текширувлар” бошланишига сабаб бўлган.

Айни пайтда банк ўз шубҳаларини тасдиқловчи ҳеч қанақа факт кўрсатган эмас”, дея қайд этган Усмоновнинг адвокати.

Аввалроқ Ҳамбургдаги суд Tegernseer Stimme газетасига USM Holdings ширкати асосчиси Алишер Усмонов Бавариядаги вилла эгаси экани ҳақида маълумот тарқатишни тақиқлаш ҳақида қарор чиқаргани ҳақида хабар берилган эди.

Усмоновнинг адвокатлари 2017 йилдаги мақола учун газетани судга беришган. Ўша мақолада тадбиркор “гап-сўзларга кўра” Тегернзе кўли яқинидаги “улкан виллага қарийб бир йил давомида эгалик қилган”и иддао қилинган эди.

2024 йил январида Ҳамбург суди Алишер Усмоновнинг Forbes журналига қарши киритган даъво аризасини қаноатлантирган. Нашр томонидан ёйинланган аноним экспертнинг тадбиркор Россия президенти Владимир Путиннинг “гумаштаси ўлароқ фаолият олиб борган”ига оид сўзлари ишончсиз деб топилган. Forbes журналининг Алишер Усмонов “Мюнхенда кўчмас мулкка эга”лигига оид иддаоси бўйича ҳам суд худди шундай қарор чиқарган. Суд нашрга ҳақиқатга тўғри келмайдиган иддаоларни ёйинлашни тақиқлаб, тақиқ бузилган тақдирда 250 минг еврогача жарима билан таҳдид қилган.

2023 йил августида Алишер Усмонов Австриянинг Kurier газетасига қарши судда ютиб чиққан эди. Даъво аризаси киритилишига нашрнинг тадбиркор ҳақида Владимир Путиннинг “севикли олигархи обрў-эътиборидан фойдаланмоқда” деб ёзгани сабаб бўлган эди.