Келиб чиқиши ўзбек бўлган россиялик миллиардер Алишер Усмоновга қарашли USM Holdings ширкати шўъбаси бўлган “Телекоминвест” Тошкентдаги “Капиталбанк” устав капиталининг 8,33 фоизини сотиб олди ва бу билан ўз улушини 25 фоизга етказди.
“Тошкент” республика фонд биржаси маълумотида билдирилишича, 10 январь кунги биржа савдоларида “Телекоминвест” “Капиталбанк” устав капиталининг 8,33 фоизига тенг бўлган 32 миллион 980 мингта акциясини сотиб олди. Бунга қадар “Телекоминвест” “Капиталбанк” устав капиталининг 16,6 фоизига эгалик қилиб келаётган эди.
Ўтган йил октябрида президент Шавкат Мирзиёевнинг куёви Ойбек Турсунов “Капиталбанк”нинг 112 миллион акциясини қўшимча равишда сотиб олган эди. Бу билан 2019 йилдан бери банк ҳиссадори сифатида тилга олиниб келинадиган Ойбек Турсунов “Капиталбанк” акцияларининг 50 фоизига эгадорлик қила бошлаган.
“Капиталбанк” банк секторидаги етакчи позицияни эгаллаган молия ширкатларидан биридир.