Россиялик ўзбек миллиардер Алишер Усмоновга қарашли “Телекоминвест” нинг шуъба корхонаси бўлган “Finance TCI” 8 февраль куни “Капиталбанк”нинг яна 3,81 фоиз акциясини сотиб олди.
“Тошкент” фонд биржаси маълумотида қайд этилишича, бу билан Алишер Усмоновга қарашли ширкатлар “Капиталбанк”нинг 61,54 фоизига эгалик қилмоқда.
21 январь куни Корпоратив маълумотлар ягона портали Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич куёви Ойбек Турсунов “Капиталбанк”нинг афилланган шахслар рўйхатидан чиқарилгани ҳақида билдирган эди. Ўшанда “Капиталбанк”нинг камида 45 фоиз акциялари Алишер Усмоновга қарашли USM холдинг таркибидаги “Телекоминвест” ҳамда у билан афилланган “Корус” ширкатига ўтган.
Ойбек Турсунов ўтган йил октябридан буён “Капиталбанк” нинг 50 фоиз акцияларига эгалик қилиб келаётган эди.