Германия Федерал жиноий полиция бошқармаси ва иқтисодчи Андерс Аслунд россиялик миллиардер ва Ўзбекистонда туғилган Алишер Усмонов ва унинг синглиси Гулбаҳор Исмоилованинг адвокатлари илтимосига кўра Х (собиқ Тwиттер) ижтимоий тармоғидаги постларини ўчириб ташлади.
Бу ҳақда РБК бизнесменнинг адвокатларига ҳавола орқали хабар берди.
2022 йилнинг январида Аслунд твиттерларида Усмонов ва тадбиркор Роман Абрамовични «Путиннинг севимли олигархлари» деб атади. Миллиардернинг ҳимояси Европа Иттифоқи Кенгаши санкциялар рўйхатида бу сўзни қўллаганини даъво қилмоқда.
Усмоновнинг адвокатлари Аслунд «кўрсатилган ёлғон маълумотни тарқатмаслик» мажбуриятини олганини таъкидлади. Иқтисодчининг ўзи бу ҳақда изоҳ бермади, унинг 2022 йил январь ойидан Усмонов ҳақидаги твитлари мавжуд эмас.
Усмоновга қарши санкцияларнинг яна бир сабаби немис криминал полициясининг 2022 йил апрель ойида чоп этилган твитлари бўлди. Уларда Усмоновнинг синглиси “Дилбар” яхтасининг эгаси сифатида кўрсатилган, кейинчалик яхта Германия расмийлари томонидан ҳибсга олинган.
Усмоновнинг адвокатлари таъкидлаганидек, яхта қайтариб бўлмайдиган ихтиёрий трестларнинг ишончли шахсларига тегишли бўлиб, унда тадбиркор ҳеч қандай манфаатли ҳуқуққа эга эмас ва Исмоилова Европа Иттифоқи санкциялари рўйхатидан чиқариб ташланган. Германия полицияси тадбиркорнинг адвокатлари талабларига рози бўлди ва “Дилбар” яхтаси ҳақидаги твитларни ўчириб ташлади.
Усмонов ЕИ санкциялар рўйхатига 2022 йил мартида, Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳарбий босқинидан кўп ўтмай киритилганди.
Иттифоқ ўз қарорини Усмонов Россия президенти Владимир Путин билан "хос алоқалар"га эгалиги ва "Украинани беқарорлаштиришни фаол қўллаб - қувватлагани" билан асослаган.
Усмонов бу даъволарни рад этган. У Путин билан махсус алоқалари ва Россия раҳбарияти қабул қиладиган сиёсий қарорларга қайсидир шаклда таъсир кўрсата олишини инкор қилган. Усмонов санкциялар рўйхатига киритилишига ўзининг катта бойлиги сабаб бўлганини таъкидлаган.
Олдинроқ Ҳамбург суди Американинг Forbes нашрига Алишер Усмоновнинг Путин билан алоқаларига доир ахборот тарқатишни тақиқлаганди. Суд нашр эълон қилган қатор маълумотларни "туҳмат" деб баҳолаган.
Шунингдек, аввалроқ Усмонов ўзига нисбатан "олигарх" атамаси қўлланиши юзасидан ҳам судга мурожаат қилгани важидан Европа Иттифоқи ҳужжатларида "олигарх" сўзи "етакчи бизнесмен" деб ўзгартирилгани хабар қилинган.
Аввалроқ Усмонов Ҳамбург судида Kurier газетаси устидан ғалаба қозонган эди. Суд газетанинг Усмонов “Путиннинг севимли олигархи сифатида обрўга эга” ва “Путиннинг ўзи” уни шундай ҳисоблашига оид иддаоларини асоссиз деб топди. Суд бу иддаони очиқчасига тасдиқловчи далил йўқ, деган қарорга келган. Усмоновнинг ЕИ санкцияларида келтирилган асослардан бирида “Путиннинг севимли олигархларидан бири” ўлароқ кўрсатилгани бундай баёнотни асослаш учун етарли эмас. Суд Усмоновга нисбатан бундай ибораларни қўллаш унинг ҳуқуқларини бузади, деб ҳисоблаган.
Асли ўзбекистонлик Усмонов дунёнинг энг бой одамларидан бири саналади. У ва бир неча яқинлари ЕИ, АҚШ ва бошқа Ғарб давлатлари, шунингдек, Украинанинг санкциялар рўйхатига киритилган. Усмонов бу чекловлар устидан судларга ариза киритган.
Forbes нашри 2022 йилда Усмоновнинг бойлиги 14,4 миллиард доллар эканини ёзган, санкциялардан сўнг унинг бойлиги 11,5 миллиард деб баҳоланган.