Миллиардер Алишер Усмонов “олигарх” эканига оид ҳар қандай иддаони “қатъий рад этади”. Бу ҳақда Forbes нашри Усмоновнинг адвокатига таянган ҳолда хабар қилди.
Адвокат Йоаҳим Николаус Штайнҳофел Усмоновнинг Ҳамбург судида Австриянинг Kurier газетаси устидан қозонилган ғалабасини шундай изоҳлаган. Нашр ўз мақоласида тадбиркорнинг Владимир Путин томонидан “севилган олигарх” экани ҳақида ёзган.
“У [Усмонов] Россия президентининг “севимли олигархи” деб аталган. Бунинг “далили” ўлароқ Твиттердаги бир дона хабар келтирилган. Бу бемаънилик ва конституциявий давлатга муносиб иш эмас”, деган адвокат.
Twitter (айни пайтда Х деб аталади) Россияда блокланган. Худди шу асосда Усмонов ҳам “олигарх” деб аталган. Европа Иттифоқи миллиардерга нисбатан санкциялар жорий этган, Ҳамбург судининг қарори бу чекловлар асоссизлигига яна бир бор урғу беради, деб ҳисоблайди Штайнҳофел.
Аввалроқ Усмонов Ҳамбург судида Kurier газетаси устидан ғалаба қозонган эди. Суд газетанинг Усмонов “Путиннинг севимли олигархи сифатида обрўга эга” ва “Путиннинг ўзи” уни шундай ҳисоблашига оид иддаоларини асоссиз деб топди. Суд бу иддаони очиқчасига тасдиқловчи далил йўқ, деган қарорга келган. Усмоновнинг ЕИ санкцияларида келтирилган асослардан бирида “Путиннинг севимли олигархларидан бири” ўлароқ кўрсатилгани бундай баёнотни асослаш учун етарли эмас. Суд Усмоновга нисбатан бундай ибораларни қўллаш унинг ҳуқуқларини бузади, деб ҳисоблаган
Forbes журналига кўра, Алишер Усмонов Россиядаги энг бой одамлар рўйхатида 8-ўринда. Bloomberg маълумотига қараганда, унинг бойлиги 19 миллиард долларни ташкил қилади. “Проект” лойиҳаси ўтказган журналистик суриштирувда Алишер Усмонов Россия армиясини таъминлашда очиқ-ошкор иштирок этиб келаётган 81 нафар олигархдан бири сифатида тилга олинган.
Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан “Путинга яқин бўлган шахслар” қаторида Алишер Усмоновга нисбатан ҳам ғарб санкциялари жорий этилган. Сўнгги марта 2023 йилнинг апрель ойида АҚШ Молия вазирлиги ва Британия ҳукумати Алишер Усмоновнинг USM холдингига нисбатан санкциялар киритган. Ўшанда USM холдингига алоқадорлиги айтилган Ўзбекистондаги “Охангаронцемент” АЖ ва “Akkermann Cement CA” МЧЖ нисбатан ҳам санкция рўйхатига тушган эди.