Москванинг Крилатск туман мировой судьяси миллиардер Алишер Усмонов ва бадиий гимнастика бўйича Россия терма жамоаси бош тренери Ирина Винер ўртасидаги никоҳни бекор қилиш бўйича иш тўхтатилганини билдирди. Бу ҳақда 6 июль куни Новости агентлиги хабар берди.
“Фуқаролик иши даъвогарнинг ўз даъволаридан воз кечгани муносабти билан тўхтатилди”, - деб билдирган судья.
Судда бевосита Алишгер Усмонов ва Ирина Винер иштирок этмаган. Уларнинг манфаатларини адвокатлар ҳимоя қилмоқда. Бир ой аввал бошланган мазкур жараён томонлар келишуви асосида ёпиқ тарзда олиб борилаётган эди.
Россия қонунларига асосан, умумий фарзандлари бўлмаган шахслар никоҳни бекор қилиш учун судга мурожаат қилиши шарт эмас. Уларнинг никоҳини ЗАГС органлари ҳам бекор қилиши мумкин. Новости агентлигининг ёзишича, умумий фарзандлари бўлмаган Усмонов ва Винернинг судга мурожаат қилиши томонлардан бири ажралишга рози бўлмаганини англатади.
Шунингдек, ажралиш юзасидан суд жараёнида мол-мулкни бўлиштириш масаласи кўриб чиқилмайди. Томонлар ажрашганидан сўнг бу масала юзасидан алоҳида суд жараёни ўтказилади.
Усмонов ва Винер 1992 йилда турмуш қуришган. Хабарда таъкидланишича, ажралиш ташаббускори сифатида Усмонов судга ариза берган.
Винер суддан сўнг журналистларга “агар ҳаммаси тинч ва осойишта ўтса, барча масалалар юзасидан келишувга эриша олсак, унда ҳеч қандай изоҳларга ҳожат қолмайди”, деб айтди. Бундан бошқа тафсилотлар ошкор этилмади.
Алишер Усмонов Россиянинг Украинага тажовузи ортидан Россиянинг президент Путинга яқин деб ишонилган бошқа олигархлари қаторида ЕИнинг санкциялар рўйхатига киритилган эди. Шундан кўп ўтмай Усмонов Винер билан ажрашиш тўғрисида судга ариза ёзгани хабар қилинган.
Санкциялар доирасида миллиардернинг Европа Иттифоқига кириши тақиқланган, Иттифоқ ҳудудидаги активлари эса музлатилган.
8 апрель куни Европа Иттифоқи Кенгаши Алишер Усмоновнинг синглиси Саодат Нарзиевани ҳам санкциялар рўйхатига киритганди. Коррупция ва уюшган жиноятчиликни ўрганиш маркази (OCCRP) Саодат Нарзиева Швейцария банкларидаги умумий қиймати 2 млрд доллардан кўпроқ 27 дан ортиқ банк ҳисобларининг ниҳоий бенефициари экани ҳақида ёзган.
68 яшар Алишер Усмонов президент Шавкат Мирзиëевнинг қудаси саналади. Forbes нашрига кўра, унинг бойлиги уруш бошланишидан олдин қарийб 18 миллиард долларга баҳоланган. Россия Украинага бостириб кирганидан икки ой ўтиб айни нашр Усмонов активлари 11,5 миллиард долларга тушгани ҳақида хабар қилди.