Москванинг Украинага босқини ортидан Ғарб санкцияларига дучор бўлган миллиардерлар, жумладан, Алишер Усмонов ва Сергей Чемазов Россиядан юзлаб миллиард долларларни олиб чиқишга ва санкцияларни четлаб ўтишга муваффақ бўлмоқда, дейилади The Wall Street Journal ўтказган журналистик суриштирувда.
Нашрнинг ёзишича, миллиардерлар ғарбдаги инвестицияларини Ирландия денгизидаги Мэн ороли офшорларида яширмоқда. Бу схемадан фойдаланганлар орасида Алишер Усмоновдан ташқари “Ростех” раҳбари Сергей Чемазов, дума депутати Андрей Скоч ва Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам бор.
Суриштирув муаллифлари Мэндаги Bridgewaters ширкати рус олигархларига ўз активларини яширишга ва санкцияларга чап беришда кўмаклашмоқда деган хулосага келган. Ширкат инвестицияларни АҚШ технология компанияларига, жумладан, Meta Platforms, Twitter ва Airbnb ширкатларига ётқизган.
The Wall Street Journal суриштирувида таъкидланишича, офшор тармоғи Алишер Усмоновга қиймати 350 миллион доллардан кўпроқ бўлган Airbus A340 самолётига эгалик ҳуқуқини яширишга кўмаклашган. Airbus A340 ЕИ Россия учоқларига ўз ҳудудида парвоз қилишни тақиқлаганидан сўнг ва Алишер Усмоновга санкция жорий этилганидан бир неча соат ўтгач Мюнхендан Ўзбекистонга учиб келган. Самолёт эгаси сифатида офшор ширкати кўрсатилган.
The Wall Street Journal Усмонов Bridgewaters орқали АҚШдаги Quanery лазер стартапига бирламчи акцияларни жойлаштириш жараёнида 175 миллион доллар инвестиция киритишга муваффақ бўлганини аниқлаган. Бу иш Россия Украинага бостириб киришидан аввалроқ амалга оширилган.
АҚШ Молия вазирлиги The Wall Street Journal нашрига Bridgewaters фаолиятини “албатта кузатиб бораётганларини” билдирган. Лекин бошқа тафсилотлар айтилмади.
Журналистларнинг «вазиятдан хабардор манбаси» Хорижий активларни назорат қилиш офиси Усмоновнинг Quanergy стартапидаги улушидан бехабар бўлганини айтди.
Bridgewaters расмийлари суриштирув муаллифларига қонун доирасида фаолият юритганларини айтди. Ширкат ижрочи директори Марк Вил эса ўтган йили ширкат айрим мижозлар билан ишлашни тўхтатганини билдирди. Бироқ у бу борадаги тафсилотларни очиқлашдан бош тортди.
Вилга кўра, Bridgewaters “санкцияларни четлаб ўтиш”да иштирок этмаётир.
Алишер Усмоновнинг вакили журналистларга миллиардер ҳеч қачон ўз активларини яширишга ҳаракат қилмаганини ва Кремлга боғлиқ эмаслигини билдирди.Усмоновнинг вакили Усмонов сохта ширкатлар тармоғидан фойдалангани тўғрисидаги “ҳар қандай иддаоларни кескин рад этди”. “Ҳеч қачон бундай бўлган эмас”, деди Усмоновнинг вакили.