Алишер Хўжаев МТРК раиси лавозимидан бўшатилди

Алишер Хўжаев

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясини 18 йилдан кўпроқ вақт давомида бошқарган Алишер Хўжаев 2 февраль куни ишдан олинган. Унинг ўрнига, ЎзА хабарига кўра, Абдурашид Жўрабоев МТРКга раис этиб тайинланган.

Олтмиш ёшли Алишер Хўжаев даставвал МТРКга Ислом Каримов президентлиги даврида - 2005 йилнинг 13 апрелида раис этиб тайинланган, Мирзиёев илк бор президентликка сайланганидан икки ой ўтиб эса - 2017 йилнинг 2 февралида ишдан олинган эди.

Хўжаев биринчи марта раисликдан кетганидан кейин етти ой ичида МТРКда икки марта раҳбар (Хуршид Мирзоҳидов ва Бобур Алихонов) алмашган. 2017 йилнинг 29 августида Алишер Хўжаев яна МТРК раҳбари лавозимига қайтарилган. Раисликдан бўшаган Хўжаевга қандай лавозим берилиши ҳозирча маълум эмас. Алишер Хўжаев Ўзбекистон бош вазири Абдулла Ариповга қуда бўлиб ҳисобланади.

МТРКнинг янги раиси Абдурашид Жўрабоев ўтган бир йил давомида бош вазир котибияти раҳбари лавозимида ишлаб келаётган эди. 2023 йил февралигача эса у, маҳаллий нашрлар қайдича, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси раиси, Вазирлар Маҳкамасининг Ёшлар сиёсати, маданият, маънавият, оммавий ахборот воситалари, ижодий ва жамоат ташкилотлари масалалари котибияти мудири, президентнинг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимларида фаолият кўрсатган.