Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов Ўзбекистондаги кўп телеканалларда асосан хориж сериаллари намойиш этилаётгани, миллий сериаллар эса деярли йўқлигидан таассуф билдириб, бунинг бугунги кунда эътибор қаратилиши ва ҳал этилиши лозим бўлган муҳим масала, деб ҳисоблашини билдирди.
К. Алламжоновнинг ўз Телеграм-каналида ёзишича, мазкур масала фонд вакилларининг куни кеча "Миллий" телеканали жамоаси билан бўлиб ўтган учрашувида муҳокама қилинган.
Унга кўра, сериаллар томошабин онгига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатувчи кучли восита ҳисобланади. “Агар унинг меъёри бўлмаса, бу кетишда идеологик суверенитетимизни йўқотиб қўйишимиз ҳеч гап эмас”, дея хавотир билдирган фонд васийлик кенгаши раиси.
“Шу боис яқин келажакда "Миллий" телеканалида хорижий сериалларни эфирдан имкон даражада камайтириш ва кўпроқ ўзимизнинг миллий сериалларни ишлаб чиқаришга қарор қилдик”, деб ёзган К. Алламжонов мазкур учрашувда эфир сифатини яхшилаш, янги ва қизиқарли лойиҳаларни амалга ошириш орқали телеканал рейтингини янги босқичга олиб чиқиш учун вазифаларни белгилаб олинганини қўшимча қилган.