Алламжонов йирик IT-ширкатларни сўз эркинлиги устидан монополия ўрнатишга уринаётганликда айблади

Комил Алламжонов

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов Telegram мессенжерининг App Store тизимидан ўчириб ташланиши эҳтимоли юзасидан мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

Telegram’даги ўз каналида қолдирган постида К.Алламжонов Coalition for a Safer Web Aмерика нотижорат ташкилоти суд орқали Appleдан шубҳали контент тарқалгани туфайли App Store тизимида Telegramни ўчиришни талаб қилаётганини эслатган.

Алламжоновга кўра, 500 миллион фойдаланувчиси бўлган Telegram’ни “App Store ва Google Play каби улкан маркетларда блокланиши кўпчиликни ташкил қилувчи ва ушбу платформага ишонч билдирган намунали фойдаланувчиларга нисбатан ноҳақлик бўлади”.

Негатив контент исталган мессенжер ва ижтимоий тармоқ, жумладан, Facebook ва Twitter орқали ҳам тарқалиши мумкин. Келинг, унда уларни ҳам ёпамиз!” деб ёзган К. Алламжонов.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш фонди васийлик кенгаши раиси бу ўринда масалани блоклаш ва ўчириш билан ҳал қилиб бўлмаслигини қайд этаркан, Facebook тармоғининг Ўзбекистонда блокланган пайтни ёдга олган.

Бу нафақат ўйланган натижага олиб келмади, балки вазиятни янада чуқурлаштириб юборди. Чунки одамлар VPNдан фойдалана бошлашди ва айнан шу орқали экстремистик контентга ҳам бемалол йўл очилди”, деб ёзган К. Алламжонов.

Унинг фикрича, агар мессенжерларни бирма-бир танлаш йўли билан блокланса, қайсидир корпорациялар шунчаки рақобатчидан халос бўлишга интилаётгани аён бўлади.

Aгар ушбу суд иши давлат томонидан қўзғатилганида дод-вой кўтарилар ва демократия бўғиляпти деган шиорлар илгари сурилар эди. Aммо буни қандайдир хусусий корхоналар амалга ошираётгани демократия принципларининг синиши ва унинг қулай форматга мослашаётганини кўрсатади”, деб ёзган Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш фонди васийлик кенгаши раиси.

К.Алламжонов мулоҳазасича, бундан ИТ-технологиялар соҳасидаги гигант-компаниялар сўз эркинлиги устидан монополияни қўлга киритгани ва ўз қоидаларини киритиш орқали миллионлаб фойдаланувчиларни очиқчасига ўзига ва ўз хоҳишига бўйсундиришга ҳаракат қилаётгани келиб чиқади.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш фонди васийлик кенгаши раиси мазкур постини #эркимизгагигантлархўжайинбўлибқолди хэштеги остида қолдирган.

Аввалроқ К. Алламжонов Телеграмдаги ўз канали орқали мухолифатчи Алексей Навальнийнинг Россияга қайтишига ҳам муносабат билдирган эди.