Алсу Курмашева тергов ҳибсхонасида қоладиган бўлди

Алсу Курмашева суд залида, 2024 йил 31 майи (REUTERS/Alexey Nasyrov фотоси)

Татаристон Олий суди 18 июнь куни Озодликнинг татар-бошқирд хизмати журналисти Алсу Курмашевани ҳибсхонада қолдириш ҳақида қарор чиқарди. Бу ҳақда “Коммерсантъ” газетаси журналистнинг адвокатидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Адвокат Алсу Курмашева ўзига нисбатан эҳтиёт чораси “ҳеч бўлмаганда уй қамоғи”га алмаштирилишини истаётганини айтган. Озодликнинг Idel.Реалии лойиҳаси қайдича, журналист аёл устидан суд мажлиси ёпиқ тарзда ўтказилган.

Пировардида Татаристон Олий суди судьяси Ризван Юсупов Қозон шаҳридаги Совет туман судининг май ойи охирида чиқарилган Алсу Курмашева ҳибс муддатини 5 августгача узайтиришга оид қарорини қонуний, деб топган.

Алсу Курмашева етти ойдан буён — ўтган йилнинг 18 октябридан бери ҳибсхонада тутиб турилибди. Унга қарши иккита — “хорижий агентлар” реестрига киритиш учун ўзи ҳақида маълумотлар топширмаганлик ҳамда армия тўғрисида “фейк” тарқатганлик айбловлари билан жиноят иши очилган. Журналист аёл мазкур айбловларни рад этиб келмоқда.

Аввалги суд мажлисида Алсу Курмашева ўзини тобора ёмонроқ ҳис қилаётганини айтган эди. Журналист аёл амалиётга эҳтиёжи борлигини урғулаган. Курмашева фарзандларнинг овозини сўнгги бор 2023 йил октябрида эшитганини қайд этган. Унга яқинларига қўнғироқ қилишга рухсат берилмаган.

Журналист аёлнинг оиласи Прагада истиқомат қилади. Россия фуқаролигидан ташқари АҚШ фуқаролигига эга бўлган Алсу Курмашева охирги йилларда шу шаҳарда яшаб, ишлаётган эди. У Россияга ўтган йилнинг май ойида касал онасидан хабар олиш учун учиб борганди. Даставвал унинг мамлакатдан чиқиб кетишига тўсқинлик қилинган, октябрь ойида эса у қўлга олинган.

Озод Европа/Озодлик радиоси корпорацияси президенти Стивен Капус Алсу Курмашеванинг ҳибс муддати узайтирилгани юзасидан изоҳ бера туриб, Курмашевага нисбатан “кераксиз ва аёвсиз бу таъқиб чоғидаги адолатсизликлар сони кундан-кунга ошиб бормоқда. Алсунинг АҚШ фуқароси ўлароқ асосий ҳуқуқлари уни қамоққа ташлаган ва 227 кундан буён тутиб турган Россия расмийлари томонидан бузилди. Бу вақт мобайнида Алсуга ҳатто севган эри ва болаларига қўнғироқ қилишга бир марта бўлса ҳам имкон беришмаган, уни АҚШ консуллик ёрдамидан ва элементар зарурий тиббий ёрдамдан маҳрум қилишган. Алсу шу тобда асоссиз айбловлар билан Россия қамоқхонасида панжара ортида эмас, балки Прагадаги уйида қизларига мактаб имтиҳонларига тайёрланишда ёрдам бераётган бўлиши керак эди”, дея билдирган.

Апрель ойи охирларида АҚШ президенти Жо Байден Владимир Путинни Алсу Курмашева ҳамда Россиядаги тергов ҳибсхонасида тутиб турилган The Wall Street Journal нашри журналисти Эван Гершковични озод қилишга чақирган. “Журналистиканинг жиноят эмаслиги мутлақо аниқ”, дея таъкидлаган Байден.

Шу йилнинг 25 апрелида Европарламент депутатлари Курмашева ва Гершкович дохил Россияда тутиб турилган сиёсий маҳбусларнинг барчасини “зудлик билан ва шартсиз озод қилиш”га чақирувчи резолюцияни маъқуллаган эди.

Алсунинг қўлга олиниши аввалроқ Канада, Чехия, Франция, Польша ва Швеция

ҳукуматлари, шунингдек, ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати олий вакили, Европа парламенти президенти, ЕХҲТнинг ОАВ эркинлиги бўйича вакили ва БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари қоралаб чиқишган. Европа кенгашининг журналистика ҳимояси ва журналистлар хавфсизлигига кўмаклашиш платформаси Алсуни озод қилиш бўйича ўз чақириғини ёйинлаган.

Шу билан бирга, Amnesty International, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси, Freedom House, ПЕН-Америка, Чегара билмас мухбирлар, Халқаро журналистлар федерацияси, Халқаро матбуот институти каби халқаро ташкилотлар ҳам Алсунинг қўлга олинишини қоралаб, уни зудлик билан озод қилишга чақиришган.