Америкадаги ўзбеклар кимга овоз берди?

АҚШдаги ўзбеклар жамоаси.

Аксар аҳолиси муҳожирлардан таркиб топган америкаликлар 8 ноябрь куни АҚШ жамиятини қарама-қарши қутбга бўлган президент сайловида овоз бердилар. Улар орасида¸ президентликка номзодлардан бири Америка ҳудудига “умуман киритмаслик керак” деб баҳолаган ўзбекистонликлар ҳам бор.

8 ноябрь куни биринчилардан бўлиб овоз бериш участкасига чиқиб¸ сайлов варақасини қутига ташлаган ўзбеклар орасида қарийб 20 йилдан бери АҚШда яшаëтган Абдуфаттоҳ Маннопов ҳам бор.

Озодлик мухбири боғланган эрта тонг соатида Абдуфаттоҳ ака эндигина сайловда овоз бериб уйига қайтган экан:

- Мен ҳали ечиниб ҳам улгурганим йўқ¸ сайлов участкаси биз яшайдиган бинонинг пастида жойлашган¸ эндигина чиқиб тургандим. Эрта туриб¸ биринчилардан бўлиб овоз бераман¸ деб пастга тушсам¸ тумонот одам¸ узундан-узун навбат. Кекса ҳам¸ ëш ҳам¸ аëлу болалар ҳам шу ерда¸байрам. Парковкага машина сиғмайди. 9-йили сайловда қатнашаяпман¸ лекин Америка сайловларида бунақа фаолликни биринчи кўришим. Мен овозимни бутун дунë биладиган¸ 120 мамлакатга ташрифда бўлган¸ жуда катта сиëсий тажриба¸ ҳурмат-эътиборга эга бўлган хоним Ҳиллари Клинтонга бердим¸ дейди ўзбекистонлик олим Абдуфаттоҳ Маннопов.

Демократик партия номзоди Ҳиллари Клинтонга овоз берганлар орасида қарийб 10 йилдан бери АҚШда яшаëтган 32 яшар Жамолиддин ҳам бор.

Бу суҳбатдош¸ ўзи танлаган номзодга¸ эрта сайлаш ҳуқуқидан фойдаланиб¸ 8 ноябрни кутмасданоқ овоз берганини айтади:

- Мен ўтган ҳафта эртароқ овоз бериб қўювдим. Ҳиллари хонимга бердим. Янгиликни кўп томоша қиладиган одам сифатида Трампга овоз бериш ўхшамаслигини тушундим. Нормалний одамга ўхшамади. Очиғи¸ Трампдан бошқа турли кандидатлар бўлмагани учун¸ Ҳиллари хонимга овоз беришга мажбур бўлдим. Президент бўлмоқчи бўлганлар орасида энг яхшиси шу¸ деб танладим Клинтон хонимни. Трампнинг гап-сўзларидан бу ерда яшаëтган бизга ўхшаган иммигрантларга оғир бўладиган. Клинтон хоним бўлса¸ бизга кўпроқ имкониятлар яратиб бермоқчи. Шу масала¸ мен учун белгиловчи мавзулардан бири бўлди¸ дейди ўзбекистонлик Жамолиддин.

8 ноябрь куни АҚШда сайлов участкалари очилар-очилмас гаплашганимиз 27 яшар Марямжон ҳам ҳеч иккиланмай Америка тарихида асосий сиëсий партия томонидан президентлика кўрсатилган илк аëл сиëсатчи - Ҳиллари Клинтонга овоз берганини айтади:

- Ҳиллари Клинтонга овоз бердим¸ чунки у бугуннинг долзарб муаммоларига ечим топмоқчи. Мен учун муҳим масалалардан бири¸ бепул олий таълим. АҚШда деярли ҳамма университет пуллик. Давлат университетларини бепул қилмоқчи¸ нолегал мигрантларнинг легаллашишига ëрдам бермоқчи¸ аëлларнинг эркаклар билан бир хил маош олишини таъминламоқчи. Бу масалалар¸ шахсан мен учун¸ муҳим масалалар¸ дейди Клинтон тарафдорларидан бири Марямжон.

АҚШда яшаëтган ўзбекистонлик сайловчилар орасидан Ўзбекистон сўзини тўғри айта олмасдан¸ “бу террорчилар юртидан ҳеч кимни Америка тупроғига қўймаслик керак¸ мусулмонларни Америкага қўймаслик керак”¸ дея баëнот берган республикачилар номзоди Дональд Трампга овоз бердим¸ деганни топиш анча қийин бўлди.

Ниҳоят¸ суҳбатдошлар орасидан¸ мана ҳозир Трампга овоз бериш учун чиқиб кетаяпман¸ деган ўзбекистонлик ҳам топилди.

АҚШда таҳсил олаëтган 43 яшар Равшанбек¸ Трампни ëқтирмаса-да¸ Ҳиллар Клинтонга "мессаж юбориш"¸ унинг сиëсати¸ ҳатти-ҳаракатларидан норозилигини ифодалаш учун Трампга овоз беришга қарор қилганини билдирди:

- Очиғи¸ мен Трампни ëқтирмайман. Унинг кўп гапини ҳам жиддий қабул қилмаслик керак¸ деб ўйлайман. Чунки у шоумен¸ ички истеъмол учун мусулмонлар ҳақида¸ мигрантлар ҳақида ҳар хил бўлмағур гапларни гапирди. Лекин унинг ишига қараб баҳо бериш керак. Масалан¸ Клинтон сайлов кампаниясига ҳар хил гуруҳлар пул ўтказди. Эртага президент бўлса¸ бўлиши аниқлигини мен ҳам биламан¸ уларнинг ноғорасига ўйнайди-да! Клинтон америкаликлар орасида ўз сиëсатидан норози бўлганлар борлигини билиши керак. Шунинг учун ëқтирмасам ҳам¸ ютқизишини билсам ҳам¸ Трампга овоз бердим¸ дейди Равшанбек.

АҚШда қанча ўзбекистонлик яшаëтгани¸ уларнинг қай қисми ҳужжатсиз¸ қай қисми эса Green Card ëки АҚШ паспортига эга эканлигига доир аниқ маълумот йўқ.

АҚШ Давлат департаментининг Kонсуллик ишлари бўйича статистика бюросига кўра¸ 1996-2016 йиллар давомида 56,028 ўзбекистонлик оила АҚШда яшаш ва ишлаш ҳаққини берувчи Green Card лотереясини ютиб¸ Америкага кўчиб келган.

Ҳар бир оилада ўртача иккитадан одам АҚШга кўчиб келгани назарда тутилса¸ бугунга келиб АҚШда қонуний яшаëтган ўзбекистонликлар сонининг 100 мингдан ошганини тахмин қилиш мумкин.