Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги "Амирсой" курорт зонаси маъмуриятининг 700 туп атрофидаги қимматбаҳо дарахтни кесиб ташлаганини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ўз Телеграм-канали орқали билдирди.
Депутатга кўра, ҳолат бўйича экология қўмитаси томонидан прокуратурага тақдим этилган материаллар ими-жимида ёпилиб кетмаслиги керак.
“Гап ортга қайтариб бўлмайдиган 700 туп дарахт ва салкам 400 миллион сўмлик табиатга етказилган зарар ҳақида кетмоқда”, деб ёзган Р. Кушербаев бу борада масъуллардан изоҳ кутиб қолишини қайд этган.
Аввалроқ Озодлик 24 август куни Тошкентда ўтказилган видеоселекторда президент Ш. Мирзиёев дарахт кесишга мораторий 2024 йилгача узайтирилиши ва жавобгарлик кескин кучайтирилиши хусусийда гапиргани ҳақида хабар қилган эди.