2021 йилда дунёда ўлимга ҳукм қилиш ва қатллар сонида “хавотирли ўсиш” кузатилган, чунки ўлим жазоси ҳалигача қўлланилаётган мамлакатлар коронавирус чекловлари сусайиши манзарасида одатдаги амалиётларига қайтишган. Бу ҳақда Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти ўлим жазосига оид йиллик ҳисоботида билдирган.
Халқаро ташкилот қайдича, ўтган йили дунёда қатллар сони 2020 йилга нисбатан 20 фоизга ошган ва уларнинг асосий қисми Эронда амалга оширилган. 2021 йилда 18 та мамлакатда амалга оширилган камида 579 та қатлдан 314 таси Эрон ҳиссасига тўғри келади. 2020 йилда бу мамлакатда ўлим жазоси бўйича 246 та ҳукм ижро этилган эди. Саудий Арабистонида эса ўтган йили 65 та қатл амалга оширилгани қайд этилган.
“2020 йилда қатллар сони кескин тушгани ортидан ўтган йили Эрон ва Саудий Арабистони, инсон ҳуқуқлари соҳасида жорий этилган халқаро ҳуқуқ тақиқларини очиқдан-очиқ бузган ҳолда, яна ўлим жазосини тез-тез қўллай бошлади”, дея билдирган Amnesty International бош котиби Аньес Калламар.
Ташкилот ҳисоботида Хитойда чиқарилган ўлим жазоси ҳукмлари ва қатллар сони акс этмаган. Amnesty International тахминича, бу мамлакатда ҳар йили минглаб одам қатл этилмоқда. Ҳисоботда, шунингдек, Шимолий Корея ва Вьетнамдаги қатллар қамраб олинган эмас.