Amnesty International Навальнийни “виждон тутқуни” деб аташдан бош тортди

Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳозирда қамоқда бўлган россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийни “виждон тутқуни” деб топишга оид қарорини бекор қилди.

Alнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича менежери Александр Артемьевнинг “Медиазона” нашрига айтишича, мазкур қарор ташкилотнинг юридик ва сиёсий департаменти Навальнийнинг 2000-йиллар ўрталарида қилган чиқишлари ўрганиб чиқиб, уларда “нафрат риторикаси”ни топганидан кейин қабул қилинган. Бу ерда Навальнийнинг айнан қайси чиқишлари ҳақида гап бораётганига Артемьев аниқлик киритган эмас.

Айни пайтда у ҳуқуқ фаолларида Навальний айтган гаплар бўйича текшириш ўтказиш ҳақида ёппасига мулоҳазалар мухолифатчини хорижда обрўсизлантириш учун мувофиқлаштирилган ҳолда амалга оширилган кампания бўлиши мумкин, деган таассурот уйғотган. Артемьев бундай мулоҳазалар қаердан келиб тушаётганини айтмаган, бироқ “Навальнийни зудлик билан озод қилиш талаби ўз кучида қолиши”, чунки мухолифатчи мутлақо сиёсий мотивлар асосида таъқиб қилинаётганини урғулаган.

Amnesty International ташкилоти Алексей Навальний бир ой муқаддам Москва аэропортида қўлга олингани ортидан мухолифатчини “виждон тутқуни” деб топганди. Ўша пайтда Al “Навальнийнинг қўлга олиниши Россия расмийларининг мухолифатчи овозини ўчиришга галдаги уриниши” ўлароқ баҳолаганди.

Кейинроқ инсон ҳуқуқлари ташкилотига бу қарор юзасидан ёппасига шикоят хатлари кела бошлаган. Amnesty International’даги аноним манба “Медиазона” нашрига бу хатлар ортида Кремль томонидан молиялаштирилувчи Russia Today медиахолдинги турган бўлиши мумкин, деган тахминни айтган.