Ўзбекистон фикр, тинч йиғилишлар ўтказиш ва бирлашмаларга бирлашиш эркинлиги жиддий чекланган давлатлигича қолмоқда. Бу ҳақда Amnesty International ташкилотининг 2021 йил учун эълон қилинган янги ҳисоботида таъкидланди.
Айни пайтда пахта теримида мажбурий меҳнатдан фойдаланмаслик, қийноқларнинг олдини олиш соҳасида қатор силжишлар бўлгани қайд этилди. Бироқ шунга қарамай Ўзбекистонда қийноқлар қўллаш ҳолатлари бартараф этилган эмас.
Ҳисоботда таъкидланишича, шу кунларда камида 2 минг киши диний мотивлар асосида қамоқларда сақланмоқда.
Ҳисоботда янги жиноят кодексига “президентни ҳақорат қилиш” тўғрисидаги модда киритилгани, бу модда асосида айбланган шахс 5 йилгача қамалиши назарда тутилгани қайд этилган. Ҳуқуқбонлар фикрича, мазкур моддадан мустақил журналистлар ва блогерларга босим кўрсатишда фойдаланиш мумкин.
Мавзуга алоқадор "Ёлғон ахборот", "туҳмат" ва "ҳақорат". Ўзбек блогерлари нима учун жазоланмоқда?Бундан ташқари ҳисобот муаллифлари ўтган йил майида блогер Отабек Сатторий “тухмат ва товламачилик”да айбланиб 6,5 йилга қамалганини, 2021 йил августида президент сайловларини бойкот қилиш чақириғи учун “президентни ҳақорат қилиш”да айбланган блогер Валижон Калонов ҳалигача маҳбус сифатида қолаётганини тилга олган.
Ҳисоботда 2021 йилнинг майида Нишон туманида, июлида Тахиатош туманида милиция бўлимига олиб келинган икки гумонланувчи қийноқлардан ўлгани иддао қилинган эди. Аммо ИИВ бу борада хизмат текшируви ўтказиб, бўлимга келтирилганлар қийноққа солингани факти тасдиқланмаганини билдирган.
Деновда эса июль ойида қийноқларда гумонланган икки ички ишлар ходими қўлга олинди, аммо орадан кўп ўтмай уларга билдирилган айблов бекор қилинди.
Декабрда эса Самарқанд вилоятида икки нафар йўл назорати инспектори ҳибсга олинган ҳайдовчини беҳосдан ўлдириб қўйганликда айбдор деб топилди ва ҳар бири 2 йил 10 ойдан қамоққа ҳукм қилинди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Amnesty International ҳисоботида кўплаб чақириқларга қарамай, Ўзбекистон Жиноят кодексида ҳамон “бесоқолбозлик” жиноят сифатида сақлаб қолинмоқда деб билдирган.
Ҳисоботда таъкидланишича, Qalampir.uz нашри ўтган йил апрелида мазкур мавзуда Ички ишлар вазирлигига сўров жўнатган. Вазирлик нашр сўровига жавобан, айни пайтда Ўзбекистон қамоқларида бесоқолбозликда айбланган 49 киши сақланаётганини маълум қилган.
2016 йилдан 2020 йилгача Ўзбекистонда 44 киши мазкур айблов билан судланган.