Собиқ соғлиқни сақлаш вазири институтга директор бўлди

Иллюстратив сурат.

Собиқ соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти директори лавозимига тайинланди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати 9 январда хабар берди.

5 январда 2022 йил декабридан 2023 йил январигача соғлиқни сақлаш вазири бўлган тиббиёт фанлари доктори, профессор Амрилло Иноятов меҳнат таътилида бўлган вақтда ишдан олингани хабар қилинган эди. Унинг лавозимидан озод этилиши тўғрисида ҳеч қандай маълумот берилган эмас.

Унинг ўрнига президент администрацияси Ижтимоий ривожлантириш департаменти раҳбарининг биринчи ўринбосари Асилбек Худоёров президент Шавкат Мирзиёев фармонига асосан соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи этиб тайинланганди.

Айрим хабарларда айтилишича, Худоёровнинг вазир вазифасини бажарувчи этиб тайинлангани тўғрисида бош вазир Абдулла Арипов иштирокида «танқидий руҳда» ўтган йиғилишда маълум қилинган. Шунингдек, Худоёров президент администрациясидаги лавозимини ҳам сақлаб қолган.