Амстердамда 10 ноябрь куни расмий тақиқларга қарамасдан шаҳар марказий майдонида йиғилишга қарор қилган юздан зиёд Фаластин тарафдори қўлга олинди. Мазкур тақиқ исроиллик футбол ишқибозларига ҳужумлар ортидан жорий этилганди.
Якшанба куни юзлаб намойишчи “Фаластинга озодлик” ва “Амстердам геноцидга “йўқ” дейди” деган шиорларни ҳайқириб, Амстердам марказига чиққан. Бу Исроилнинг Ғазо секторида Фаластиннинг ҲАМАС радикал гуруҳи (АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб тан олинган) билан кураши доирасидаги ҳарбий ҳаракатларига қарши галдаги чиқиш эди. Исроил геноцидга оид айбловларни рад этиб келади.
Маҳаллий суд шаҳар кенгашининг кўча акцияларига вақтинча тақиқини дастаклаганидан кейин полициячилар марказий майдонга йиғилганларни тарқалишга чақирган, айни пайтда улар ичида юздан зиёд одам қўлга олинган.
Намойишларга тақиқ “Маккаби” (Тель-Авив) ва “Аякс” (Амстердам) футбол клублари ўртасида пайшанба куни бўлиб ўтган ўйиндан сўнг исроиллик футбол ишқибозларига нисбатан зўравонлик туфайли 8 ноябрь куни киритилган эди. Ҳужумчиларнинг айримлари қўлларида Фаластин байроқларини кўтариб олишган ҳамда араб ва турк тилларида “Фаластинга озодлик” шиорини қичқириб боришган. Мазкур ҳужумлар натижасида камида беш киши касалхонага тушган. Бу ҳужумларни Нидерландия расмийлари ҳамда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу дохил қатор лидерлар антисемитча деб қоралашган. Ўшанда 60 дан зиёд одам ушланган эди.
Исроил расмийлари 10 ноябрь куни ўз юртдошларини яқин ҳафта ичида исроилликлар иштирокида хорижий мамлакатларда бўлиб ўтадиган маданий ва спорт тадбирларига бормасликка чақиришган. Нетаняҳу офиси баёнотида Фаластин тарафдори бўлган гуруҳлар Нидерландия, Буюк Британия, Франция, Белгия ва бошқа қатор мамлакатларда исроилликларга зарар етказмоқчи экани айтилган. Аввалроқ Исроил ўз фуқароларини Амстердамдан эвакуация қилиш учун рейслар ташкил қилган эди. Сўнгги маълумотларга кўра, икки мингга яқин исроиллик ватанига олиб чиқиб кетилган.
Франция президенти Эммануэль Макрон офиси давлат раҳбари Франция ва Исроил терма жамоалари ўйини бўлиб ўтадиган 14 ноябрь куни Париждаги “Стад де Франс” стадионида футбол ишқибозлари билан бирга бўлишини эълон қилган. Макроннинг бу қарори “Амстердамдаги ўйиндан кейинги йўл қўйиб бўлмас антисемитизм ҳодисалари ортидан биродарлик ва бирдамлик муждаси”ни йўллашга қаратилган, дейилган Франция президенти офиси баёнотида.
Исроил 2023 йил октябрида ҲАМАС гуруҳи мамлакат жанубига ҳужум уюштиргани ортидан Ғазо секторида ҳарбий амалиёт бошлаган эди. ҲАМАС ҳужумлари чоғида 1200 нафар исроиллик ҳалок бўлиб, 250 дан зиёд одам гаровга олингани айтилади. ҲАМАС назоратида бўлган Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги Исроил қўшинларининг сектордаги ҳужумлари натижасида 43 минг нафар фаластинлик ўлдирилганини билдирган. Бу маълумотлар бошқа манбалар томонидан тасдиқланган эмас.