“Анъанавий қадриятлар” тарафдорларининг Россияга кўчиши тартиби жўнлашади

Иллюстратив сурат

Россия президенти Владимир Путин 19 август куни Россиянинг анъанавий маънавий-ахлоқий қадриятларига тарафдор бўлган шахсларни гуманитар дастак кўрсатиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Мазкур фармон, ҳужжатда айтилганидек, “деструктив неолиберал мафкура”ни қабул қилмаган хорижликларнинг Россияга кўчиши тартибини осонлаштиради.

Ҳужжатга мувофиқ, бу каби хорижликлар Россияда ҳукумат томонидан белгиланган квотадан ташқари яшаш учун рухсатнома (ВНЖ) олишлари мумкин бўлади. Улар ҳатто рус тили ва тарихини билишини тасдиқлаши ҳам шарт эмас.

Фармонда яшаш рухсатномасини олишни истаганлар ўзларининг анъанавий қадриятларга содиқлиги ҳамда либерал сиёсатдан норози эканини қай йўл билан исботлаши лозимлигига аниқлик киритилмаган.

Ўз фуқароларига “деструктив неолиберал мафкуравий қарашлар”ни гўё тиқиштираётган мамлакат рўйхатини тез орада тайёрлаш вазифаси Россия Ташқи ишлар вазирлигига топширилган.

“Россиянинг анъанавий маънавий-ахлоқий қадриятларни сақлаб қолиш ва мустаҳкамлаш бўйича давлат сиёсати асосларини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармон Россия президенти томонидан 2022 йил ноябрида имзоланган. У ерда қадриятлар ўлароқ ватанпарварлик, мустаҳкам оила, маънавиятнинг моддиятдан устуворлиги, тарихий хотира ва бошқалар санаб ўтилган.

“Анъанавий қадриятларга номувофиқлик” Россиядаги ижтимоий ва маданий соҳаларда (ЛГБТ вакилларидан замонавий рассом ва ёзувчиларигача) кўплаб тазйиқ-таъқиблар учун баҳонага айланган.