Андижон вилоят, Бўз туманидаги пахта қабул қилиш пунктлари тарозиларида трактор прицепларида олиб келинаётган пахта орасига яширилган бир неча қоп қум ҳам тортилмоқда.
Топширилаётган пахта вазнини кўпайтириб кўрсатиш учун ўйлаб топилган бу усул туман ҳокими томонидан мажбуран жорий қилингани иддао қилинмоқда.
Бўз туман ҳокимлиги Озодликнинг бу ҳолат юзасидан сўровини жавобсиз қолдирди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Бу воқеага бевосита гувоҳ бўлган, аммо хавфсизлик нуқтаи назаридан исми сир қолишини сўраган Бўз туманидаги “Ҳавас” пахта қабул қилиш пункти ходимларидан бирининг Озодликка айтишича, бир ҳафтадан буён пунктга топширилаётган пахта орасида қум солинган қоплар топилмоқда:
“Бу ҳолатни биз раҳбарларимизга кўрсатдик, лекин улар бизга “жим, ишларингни қилаверинглар, аралашманглар”, деб айтишди. Раҳбарларимиздан бирининг айтишича, бу туман ҳокимининг буйруғи экан, вилоят ҳокимидан гап эшитмаслик ва пахта тоннасини кўп кўрсатиш учун қилинаётган иш экан. Бу ишдан қабул пунктидаги милиция ходимлари ва бошқа текширувчиларнинг ҳам хабари бор”, деди ходимлардан бири.
Озодлик шу пунктда ишлаётган бошқа бир ишчи билан ҳам исми ошкор қилинмаслик шарти билан гаплашди.
Бу ишчи Озодликка прицепдан ағдарилган пахта орасида қум солинган қоплар борлиги акс этган фотони Озодликка исбот сифатида тақдим қилди.
“Даҳшатли ишлар бўляпти, ака. Ҳар бир прицепда пахта орасида 2 қопдан 15 қопгача қум келяпти. Завод директорига айтсак, заводга қум ҳам керак, деб айтади. Пункт раҳбарлари эса , бир бало бўлса мен нима қиламан деб, бошини чангаллаб юрибди. Илгари қўшиб ёзиш бўларди, лекин тарозидан шунча тонна ўтган деб, ҳисобот бериш учун шундай қилишяпти. Кеча иккита прицеп таққан трактор, бир марта пахтасини тортиб ўтказгандан кейин пахтани тўкмасдан, яна ташқарига бир чиқиб, қайтадан тарозидан ўтди. Приписка бўляпти”, дейди ишчи.
Унинг айтишича, пахта тозалигини текширадиган вакилларга ҳам қаттиқ босим ўтказилгани сабабли улар, ўзларини кўрмаганга олишяпти:
“Гапнинг очиғи, орган ходимлари аралашмай қўйди. Уларга ҳам ишинг бўлмасин, деб нажим қилишяпти экан. Пахта мавсуми бошланганда бундай бўлмаётган эди. Инспекциядан қўйилган Шуҳратбек дегани, пожарнийдан Илҳомжон дегани пахтанинг орасидан бир сиқим тупроқ топиб олса, дарров хабар бериб, чора кўраётган эди. Ҳозир буларнинг ҳам иши бўлмай қолди, пахта келса ташқарига чиқиб кўчада туришади”, дейди исми сир сақланишини сўраган ишчилардан бири.
Бўз туман пахта тозалаш заводи қошидаги пахта қабул қилиш пунктининг исми сир қолишини сўраган мулозими ҳам прицеплар қум солинган қоплар билан келаётганини айтди:
“Пунктга келиб кўрсангиз, ўзингиз гувоҳ бўласиз. Ҳамма ёқ қум бўлиб кетган. Ҳоким ва милиция бошлиғига ҳеч ким эътироз билдиролмаяпти. Бу ишнинг пачаваси эртага чиқади. Лекин, айбдорлар пахта пункти мудирлари бўлиб қолади. Ҳоким билан милиция бошлиғи сувдан қуруқ чиқади. Чунки уларнинг буйруқлари оғзаки, қоғозда эмас”, дейди мулозимлардан бири.
Озодлик пахта пунктларида бўлаётган бу ҳолатга изоҳ олиш мақсадида Бўз тумани ҳокими ёрдамчиси Ҳумоюн Содиқжонов билан боғланди.
Ҳоким ёрдамчиси бу ҳолатдан хабари йўқлигини айтар экан, туман ҳокими Иномжон Мамадалиев билан боғланиб, ундан изоҳ олишини ва 15 минутдан сўнг қайтиб қўнғироқ қилишимизни сўради.
Аммо, Озодликнинг кейинги қўнғироқларига ҳоким ёрдамчиси жавоб бермади.
Ўзбекистонда пахта режасини приписка қилиш собиқ иттифоқ даврида ҳам кузатилган эди.
Ўзбекистондаги барча пахта заводларида пахтани тортиш учун электрон тарозилар ҳамда хом ашё сифатини баҳоловчи ускуналар мажмуи ўрнатилгани, тарозилар ва сифат ўлчагичларда акс этадиган маълумотлар мамлакат бўйлаб ягона мониторинг базасига йиғилажаги тўғрисида Озодликка “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси мулозими ўтган йили билдирган эди.