Андижон тумани собиқ ҳокимига нисбатан биринчи инстанция суди томонидан тайинланган жазо юмшатилди

Андижон тумани ҳокими Абдужаббор Эгамбердиев қабулига келганларга пойгакдан жой бергани ортидан "танилиб" кетган эди (ижтимоий тармоқлардан олинган сурат)

Андижон тумани ҳокими лавозимида ишлаган Абдужаббор Эгамбердиевнинг оқлангани тўғрисида тарқатилган хабар ҳақиқатга мос келмайди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов маълумот тарқатди.

Хабарномада келтирилганидек, Ўзбекистон Жиноят кодексининг уч моддаси бўйича айбдор деб топилган А. Эгамбердиевга нисбатан жиноят ишлари бўйича Марҳамат тумани судининг 2023 йил 8 февралидаги ҳукми билан 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

Шундан сўнг Эгамбердиев ва адвокати томонидан судга ўталмай қолган мансабдорлик лавозимлари ва моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазосидан Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан муддатидан илгари шартли озод қилишга оид ариза тақдим этилган.

Қайд этилишича, жиноят ишлари бўйича Олтинкўл тумани судининг 2024 йил 18 январидаги ажрими билан А. Эгамбердиевнинг аризаси қаноатлантирилиб, у фақатгина ўталмай қолган 1 йил 3 ой 16 кун мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш қўшимча жазосини ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган.

"Бугунги кунда А. Эгамбердиев унга суд ҳукми билан тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари асосий жазосини белгиланган тартибда пробация гуруҳи ҳисобида ўтаб келмоқда", дейилган хабарномада Олтинкўл тумани судининг ўтган ҳафта чиқарилган ажримидан судланувчи Эгамбердиевнинг оқлангани англашилмаслиги урғуланади.

Андижон тумани ҳокими сифатида ишлаб келган Абдужаббор Эгамбердиев бошқа тўрт нафар туман ҳокими билан бир қаторда мамлакат президентининг 2022 йил 27 сентябрь кунги қарорлари асосида ишдан олинган эди. У 2022 йил августида қабулига келганларга пойгакдан жой бераётгани акс этган маълумотлар тарқатилгани ортидан жамоатчилик орасида "машҳур" бўлиб кетган эди.