Жорий йилнинг 12 ноябрь куни Тошкент вақти билан 06:38 да Ўзбекистоннинг Андижон вилоятида зилзила содир бўлган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази маълумот тарқатди.
Қайд этилишича, зилзила маркази жануби-шарқий йўналиш бўйича пойтахт Тошкентдан 298 километр олисликда бўлган.
Ер силкиниши кучи зилзила маркази бўлмиш Андижон вилоятининг Жалақудуқ туманида 4 баллга тенг бўлган. Бундан ташқари, зилзила кучи вилоятнинг Қўрғонтепа туманида 3-4 балл, Андижон туманида 3 балл, Хўжаобод туманида 3 балл, Хонобод туманида 2-3 балл, Андижон шаҳрида 2-3 балл, Булоқбоши туманида 2-3 балл, Пахтаобод туманида 2-3 балл, Избоскан туманида 2 балл, Асака туманида 2 балл, Олтинкўл туманида 2 балл, Марҳамат туманида эса 2 баллни ташкил этган.
Сейсмологлар ер силкиниши Андижонга қўшни бўлган вилоятларга қандай таъсир қилганию у ерларда зилзила кучи қандай бўлганига аниқлик киритган эмаслар.