Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманидаги FRESH FOOD 2020 овқатланиш шохобчасида 37 киши “нонбургер”дан заҳарланган.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати матбуот хизмати маълумотига кўра, 6 июль куни туш пайтидан бошлаб фуқаролар Қўрғонтепа тумани юқумли касалликлар шифохонасига кўнгил айниши, қусиш, бош оғриғи ва ич кетиши шикоятлари билан мурожаат қилишган.
Соат 23.00 га бориб мурожаатчилар сони 37 нафарга етган. Уларга “Ўткир гастроэнтерит” ташхиси қўйилган. Беморлардан 17 нафари касалхонада муолажа олмоқда, тиббий кузатувга олинган 20 кишига эса уйга кетишга рухсат берилган.
“Касалликка сабаб бўлган омилларни аниқлаш мақсадида FRESH FOOD 2020 оилавий корхонасига қарашли овқатланиш шохобчасида эпидемиологик суруштирув ишлари олиб борилмоқда”, дейилган Санэпидхизмат хабарномасида мазкур корхонага тегишли учта шохобча фаолияти шу куннинг ўзида вақтинча тўхтатилгани қўшимча қилинган.
Андижон вилояти прокуратураси қайдича, Қўрғонтепадаги заҳарланиш ҳодисаси ортидан 7 июнь куни туман прокуратураси мамлакат Жиноят кодексининг 257-1-моддаси (Санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган, айни пайтда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб бориляпти.