Андижон вилоятидаги буюм бозорида чиққан ёнғин қарийб 2,5 соатда сўндирилди

Иллюстратив сурат

Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманидаги “Асака” автотураргоҳи ҳудудида ташкил этилган буюм бозорида 26 январга ўтар кечаси йирик ёнғин содир бўлган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Вазирлик қайдича, буюм бозорида ёнғин чиққанига оид хабар ФВБга соат 23:30 да келиб тушган. Воқеа жойига зудлик билан етиб борган 20 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 00:30 да ёнғинни ўраб олишга, соат 01:53 да эса ўчиришга муваффақ бўлган.

ФВВ аланга туфайли 700-800 квадрат метр майдонга зарар етгани, ёнғин оқибатида фуқароларнинг куйиш, тан-жароҳатини олиш ва ҳалок бўлиш ҳолатлари тўғрисида маълумотлар келиб тушмаганини билдирган.

Шунингдек, вазирлик матбуот хизмати айни пайтда ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқлангани, воқеа жойида вилоят ҳамда туман ФВБ раҳбар ходимлари иш олиб бораётганини қайд этган.