Андижонда бир кечада, бир туманда, қарийб 100 одам ис газидан заҳарланди

Оммавий заҳарланишнинг ижтимоий тармоқларда тарқалган сурати

Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманидаги марказий касалхонасига 30 ноябрь кечаси ис газидан заҳарланган қарийб юз нафар одам мурожаат қилган.

Озодликка юборилган бу хабарни тасдиқлаган Шаҳрихон тумани тиббиёт бирлашмаси шифокорига кўра, даволаш бўлимлари касалга тўлиб кетган, икки нафар одам жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Шифокорларнинг айтишларича, 30 ноябрь кечаси Андижонда қаттиқ шамол бўлгани туфайли, асосан кўмир ёқиладиган печка қувуридан чиқадиган ис газини шамол ортга қайтариб урганлиги оқибатида одамлар заҳарланган.

Шаҳрихон тиббиёт бирлашмаси бу хабарни тасдиқлади.

Шаҳрихон туманидаги марказий касалхонада ишлайдиган, исми сир қолишини сўраган тиббиёт ҳамшираларидан бири 1 декабрь куни Озодликка шундай хабар қолдирди:

“Шаҳрихонда даҳшат бўляпти, касалхонага кўмирдан заҳарланганларни “тез ёрдам” тинмай ташияпти, касалларни уларнинг яқинлари олиб келишяпти. Юздан ортиқ одам мурожаат қилди. Баъзиларининг аҳволи жуда оғир. Касалхона тўлиб кетди, ётқизгани жой етишмаяпти. Баъзи сал енгил касаллар бу шароитни кўриб, дори ёзиб беринг уйда даволанаман, деб қайтиб кетяпти”.

Шаҳрихон тиббиёт бирлашмасининг исми сир қолишини сўраган мулозимларидан бири 1 декабрь куни Озодликка бу хабарни тасдиқлади.

Унинг айтишича, одамлар асосан кўмир ис газидан заҳарланган:

“Кеча Шаҳрихонда қаттиқ шамол бўлган. Шамол кўмир ёқилган печкаларнинг трубасидан қайтариб пуфлаган. Натижада печкасининг мўриси шамол томонга рўпара бўлган одамлар ис газидан заҳарланишган. Кечасидан одамлар тинмай касалхонага мурожаат қилишни бошлашган. Икки кишининг аҳволи оғир, ҳозир реанимацияда. Қолган касаллар ўртача оғир ва енгил ҳолатда. Уларни даволаяпмиз. Айни пайтда, ётишни истамаганлардан ташқари касалхонада 70 нафардан кўпроқ касал қолмоқда”.

Мулозимнинг айтишича, беморларга жой етишмаслиги боис, касалхона ўз имконияти даражасида ишлай олмаяпти:

“Касалхонада жой етишмаяпти. Икки кишилик палаталарга тўрт кишидан ётқизяпмиз. Туғруқхонаниинг биттасини сотиб юборишган, биттасини ремонт қиламиз деб, марказий шифохонага олиб келиб, тиқиб қўйган. Касалхонанинг болалар ва терапия бўлимларини қисқартириб юборишган. Тиқилинч, жой йўқ”.

Озодлик суҳбатлашган касалхона шифокорларининг айтишларича, бундай оммавий заҳарланиш маҳаллий ҳокимиятнинг эътиборидан четда қолмоқда:

“Ҳокимиятдан ҳам, ички ишлар, прокуратура, фавқулодда вазиятлар вазирлигидан ҳам ҳеч ким қизиқмади. Ўзларини эшитмаганга олиб туришибди. Аслида бундай ҳолатда фавқулодда вазият эълон қилишлари керак эди. Чунки бунинг сабабини ўзлари яхши билишади. Аҳолининг куни фақат кўмирга қолган, газ ва свет йўқ”.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Андижон вилояти бўлимининг навбатчиси бу ҳолатдан бехабарлигини, уларда бундай маълумот йўқлигини айтди.

Ўзбекистон ФВВ Радиацион химик-биологик ҳимоя бошқармаси бошлиғи Абдулла Нурматов ҳам бу воқеадан хабари йўқлиги, уни ўрганиб, ярим соатда жавоб беришини айтди. Аммо, Абдулла Нурматов Озодликнинг кейинги қўнғироқларини жавобсиз қолдирди.

Шаҳрихон туман ҳокимлигининг сайтида кўрсатилган телефон рақамларига ҳеч ким жавоб бермади.

2017 йилнинг 15 май куни Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида музқаймоқдан жами 1500га яқин одам заҳарланган эди. Шифокорларга кўра, 200га яқин киши шифохонага ётқизилганди.