Зовуркўмар тадбиркор ким? Андижонда 180 хонадон намунали уйлари зах тортишидан хавотирда

Олтинкўлликларнинг айтишича, 5 августда тўкилган бу тупроқ ости зовур эди.

Андижон вилоят, Олтинкўл туманидаги С.Ашуров массиви аҳолисини мелиорация тизими тақдиридан кўра, ипотека кредитига олган уйларининг хавфсизлиги кўпроқ қизиқтирмоқда.

Массив аҳолиси 5 август куни иморат қуриш учун зовур устига тупроқ тортишни бошлаган тадбиркорни ҳайдаб юборди.

Озодлик шу йил баҳорида Олтинкўлнинг бошқа қишлоғида зовур устига иморат қурилгани тўғрисида хабар берган эди.

Туман расмийларига кўра, зовур устида қурилиш қилган одам билан судлашилмоқда, кечаги воқеа эса, ўрганилади.

"180 хонадон номидан мурожаат"

“Олтинкўл туман, С. Ашуров массивидаги икки қаватли намунали уйлардан зах сувларни қочириш учун қазилган катта зовур сотиб юборилибди. 180 та хонадон номидан мурожаат қиляпмиз. 15 йилга кредитга олган уйларимиз захлаб кетишидан хавотирдамиз”.

Бу хабар туманнинг мелиорация тизими билан боғлиқ шу йил баҳоридан буён Озодликка келган иккинчи хабар бўлгани учун Озодлик хат муаллифлари билан боғланди.

Улардан бири, ўзини 33 яшар Илҳом Исмоилов деб таништирган олтинкўлликнинг 6 август куни Озодликка айтишича, 5 август куни “ёши 30 лардаги бир йигит, кўринишидан давлат амалдорига ўхшаган бир неча киши билан” келиб, массивдаги зовурнинг устига тупроқ торттиришни бошлаган.

“Уйларимиз янги, 2017 йили қурилган. Ҳамма кредитга олган. Канализация қилинмаган. Ер ости сувлари яқин. Шунинг учун захни қочириш мақсадида, ёғин-сочин сувлари тушсин учун зовур қазилган. Зовурни шундай қилиб сотиб юбораверишса, ер ости сувлари кўтарилиб, уйларимиз захлаб кетади”, деди Илҳом Исмоилов. Унинг айтишича, тадбиркор зовур устига тупроқ тортишни бошлаши биланоқ воқеа жойига массив аҳолиси йиғилган ва ишни тўхтатишни талаб қилган.

"Кредит тўлаймизми ё ҳар йили уй ремонт қиламизми?"

60 яшар Нуриддин ҳожи Аҳмадалиев 5 август кунги можаро устида бўлганлардан бири. У 6 августда Озодликка бундай деди:

“Кеча бир тадбиркор келиб, заканнинг 20-25 метрини кўмдириб юборди. Мен ўзим қаршилик кўрсатиб, тўполон қилдим. Уйларимиз шундоқ ҳам захдан тўкиляпти. Кредитга олганмиз уйларни. Кредит тўлаймизми ё ҳар йили уй ремонт қиламизми? Закан умрбод керак нарса. Аукционда ютволдим деяпти. Ҳужжатларингни кўрсат, десам, кўрсатолмади”.

Нуриддин ҳожи Аҳмадалиевнинг айтишича, маҳалланинг бир гуруҳ фаоллари воқеа юзасидан аризаларни ёзиб тайёр қилиб қўйган: “Аризаларни эртага вилоят ҳокими ва прокурорига олиб борамиз”.

Зовуркўмар тадбиркор ким? У қайси қонунни бузди?

Озодлик зовур устига тупроқ торттирган тадбиркорнинг шахсини аниқлай олмади. Бу ишда маҳалла фаоллари ҳам ёрдам бера олмади. “У ўзини таништирмади, танимаймиз, бизнинг одам эмас, шаҳардан келган бўлса керак”, деди массивликлардан бири.

Олтинкўлнинг С.Ашуров массиви Андижон аэропортига яқин ер ҳисобланади.

Олтинкўлда юзага келган вазият юзасидан фикр билдирган андижонлик юристнинг айтишича, нафақат зовур, балки унинг икки чети ҳам дахлсиздир. “Афтидан, бу ерда Ўзбекистон Республикасининг ”Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуни талаблари бузилган”, деди исми айтилмаслиги сўраган юрист.

Расмийлар: Ўрганамиз!

Олтинкўл туман ҳокимлигининг ўзини “ҳокимлик канцелярияси бошлиғи Мансурбек” деб таништирган мулозими С.Ашуров масссивида 5 август куни бўлган воқеадан бехабарлигини, бироқ шикоят албатта ўрганилишини билдирди. Мулозимнинг айтишича, “сўнгги уч ой ичида туман бўйлаб ҳеч кимга ер участкаси ажратилмаган”.

Олтинкўл туман ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри хизматининг ўзини таништирмаган ходими 5 август кунги воқеа юзасидан “воқеа жойига бориб ўрганамиз”, деган жавобни айтиш билан чекланди.

Зовур устига қурилган биринчи уй эмас

Олтинкўлнинг С.Ашуров массивида зовур устида қурилиш бошлангани бу туманда бу йил содир бўлган шунга ўхшаш иккинчи воқеадир.

Озодликнинг SizdanTelegram лойиҳаси шу йилнинг апрелида олтинкўлликлардан келган мана бу хабарни босган эди:

“Андижон вилояти Олтинкўл тумани Уйғур МФЙдан ёзмоқдамиз. Аввал кадастр идорасида юқори лавозимда ишлаган фуқаро маҳалла йўлини ўзбошимчалик билан тўсиб, уй қурди. Ёзмаган жойимиз қолмади, иши судда кўрилади, деб алдаб юришибди. Аҳоли йўлини очиб беришларини кутиб қоламиз”.

Бу хабарни жўнатганлар жойнинг аэросуратини ҳам илова қилган, унда чиндан ҳам йўл устига бино қурилганини кўриш мумкин.

С.Ашуров массиви аҳолиси 6 августда Озодликка бир сурат тақдим қилди ва айтилишича, фотосуратда апрелдаги хабарда айтилган уй акс этган. Суратдан англашилишича, уй йўл устига эмас, балки иккита йўл ўртасидаги зовур устига қурилган. Суратнинг чап томонига диққат билан қаралса, ўнг томонда қурилган бино чиндан ҳам зовур устига қурилгани тушунилади.

Олтинкўлликларнинг айтишича, бу суратда икки йўл ўртасидаги зовур устига қурилган икки қаватли уй (ўнгда) акс этган. Суратнинг чап томонига эътибор беринг.

Олтинкўл туман ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри хизматининг ўзини таништирмаган ходими Уйғур МФЙда қурилган бу уйга оид саволга қисқа жавоб берди:

“Бу масала бўйича туман ҳокимлиги томонидан яқинда яна бир бор судга берилган”.

Демак, ҳокимлик олдин ҳам судга берганмиди? Ўша суд қандай якун топган? Ҳокимлик судлашаётган одам ким? Чиндан ҳам у “кадастр идорасида юқори лавозимда ишлаган фуқаро”ми?

Бу ва бошқа саволларга кадастр хизмати ходими жавоб бермади.