Андижон туманининг собиқ ҳокими Абдужаббор Эгамбердиев Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг Андижон вилояти кенгаши раиси лавозимига тайинланди.
2024 йил 18 декабр куни амалга оширилган тайинловдан жамоатчилик қарийб бир ой ўтиб хабар топмоқда.
Kun.uz нашрининг аниқлик киритишича, собиқ ҳоким сўнгги вақтларда Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси республика кенгашининг Андижон вилояти бўйича масъул ташкилотчиси лавозимида фаолият юритиб келган.
2021 йил февралидан 2022 йил сентябригача Андижон туманига ҳокимлик қилган Абдужаббор Эгамбердиев сайёр қабулда фуқароларга пойгакдан жой бергани ортидан ижтимоий тармоқларда танилган, жамоатчилик уни “ўзини ҳоким эмас, хондек тутаётган”ини танқид қилган эди.
Озодлик аввал хабар қилганидек, Эгамбердиев бошқа тўрт нафар туман ҳокими билан бир қаторда мамлакат президентининг 2022 йил 27 сентябрь кунги қарори асосида “давлат хизматчиси этикасига номуносиб хатти-ҳаракатлари, раҳбарлик маданиятини сақламагани, ўтказилган қабулларда фуқароларга ҳурматсизликка йўл қўйгани ва фаолиятидаги бошқа камчиликлари учун” ишдан олинган эди.
Кейинчалик Абдужаббор Эгамбердиев судлангани маълум бўлди. Жиноят ишлари бўйича Марҳамат туман судининг 2023 йил 8 февралдаги ҳукмига мувофиқ у ўзбошимчалик, мансабга совуққонлик билан қараш ҳамда ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш жиноятларини содир этганликда айбдор деб топилган. Икки йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган собиқ ҳокимга икки йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
Олий суд ўтган йил бошида Эгамбердиевга тайинланган жазо юмшатилганини билдирганди.