Андижонда газ портлашида бир киши нобуд бўлди

Иллюстратив сурат

Андижон вилояти Марҳамат туманидаги хонадонда рўй берган газ портлаши оқибатида бир киши вафот этди.

Daryo.uz нашрининг Бош прокуратура матбуот хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда ёзишича, 3 январь куни соат 03:00 атрофида Шомат маҳалласи Ипак йўли кўчасида яшовчи фуқаро Х.Шокиров хонадони ётоқхонасида қўлбола усулда қурилган иситиш печини ёқмоқчи бўлиб гугурт чаққан вақтида хонага тўпланган табиий газ ва ҳаво аралашмасидан чақнаш юз берган.

Оқибатда ушбу хонада бўлган Х. Шокиров танасининг 90 фоизи, турмуш ўртоғи Л. Шокирова танасининг 35-40 фоизи, ўғли Ж.Ҳамзаев танасининг 20-30 фоизи, қизи Х. Ҳамзаева танасининг 70 фоизи қисми куйиши ташхиси билан шифохонага ётқизилган.

Вояга етмаган Х. Ҳамзаева олиб борилган тиббий муолажаларга қарамай 4 январь куни вафот этган. Оиланинг қолган аъзолари шифохонада қолмоқда.

Жабрланувчиларга нисбатан суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.

“Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти мулозимига кўра, 2024 йилнинг 11 ойи мобайнида Ўзбекистон бўйлаб газ билан боғлиқ 74 та бахтсиз ҳодиса қайд этилган. Оқибатда 82 нафар одам қурбон бўлган, 80 дан зиёд киши турли даражада тан жароҳати олган.

2024 йил 17 декабрь куни Фарғона шаҳри Аҳмад Яссавий кўчасида жойлашган “Petrolium” пропан газ тўлдириш шохобчасида содир бўлган портлаш ҳам ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилинган. Расмий версияга кўра, портлаш оқибатида тўрт киши ҳалок бўлган. Аммо воқеа гувоҳлари Озодликка расман хабар қилинганидан кўпроқ одам қурбон бўлганини айтган.