Андижонда ҳайвонот боғи ишчиси айиқ ҳамласидан ҳалок бўлди

Иллюстратив сурат

Андижон вилоятининг Хўжаобод туманидаги “Усмонобод Файзи” МЧЖга қарашли ҳайвонот боғида бир ишчи айиқ ҳамласи оқибатида вафот этган.

Маълумотни тасдиқлаган Андижон вилояти ИИБ матбуот хизмати қайдича, ҳодиса 3 январь куни соат 16:00 ларда содир бўлган.

Хабарномада ҳайвонот боғи ишчиси А.Г. зоопаркда сақланаётган ёввойи айиққа овқат бериш мақсадида унинг қафасига киргани, ўша пайтда айиқ ишчига ташланиб, унинг бўйнидан тишлагани, оғир жароҳат олган ишчи ўша ернинг ўзида жон таслим қилгани айтилган.

Ҳодиса жойи ИИБ тезкор тергов гуруҳи томонидан кўздан кечирилган, ўлим сабабини аниқлаш мақсадида суд-тиббиёт экспертизаси тайинланган.

“Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Хўжаобод тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилган хабарномада.

Марҳум ишчи А.Г.нинг қизи ижтимоий тармоқ орқали мурожаатида ҳодиса бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан етарли чора кўрилмаётгани, бу Хўжаобод ҳайвонот боғидаги биринчи ўлим эмаслигини таъкидлаган.

Мазкур ҳайвонот боғида 2019 йилда ҳам шерлар соқчининг ўлимига сабаб бўлган эди.