Андижон вилояти Андижон туманида 6 нафар эркак дала шийпонида беш ой аввал турмушга чиққан аёлнинг номусига тегиши ҳодисаси бўйича Ўзбекистон Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда Kun.uz нашри Андижон вилоят ички ишлар бошқармасидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
Андижон вилоят ИИБ қайдича, жорий йилнинг 3 май куни фуқаро О.О. 102 қисқа рақамига мурожаат қилиб, шу куни соат 14:00 ларда Андижон тумани Қорақалпоқ маҳалласида жойлашган дала шийпонида фуқаролар С.А. ва О.М. ўзига нисбатан зўрлик ишлатиб жинсий алоқада бўлганини маълум қилган. Бунинг ортидан тергов-тезкор гуруҳи воқеа жойига бориб, ҳодиса содир бўлган жой кўздан кечирган ва видеотасвирга олган.
Терговга қадар текшириш ҳаракатларининг тўлалигини таъминлаш мақсадида О.О.га тегишли бўлган қизил-қора рангли аёллар кўйлаги ва бошқа кийимлар далилий ашё тариқасида ҳолислар иштирокида олинган. Мазкур ҳолат юзасидан суд-тиббий экспертизаси, судга оид боилогик экспертиза ва судга оид физика-техникавий экспертиза тайинланган.
Вилоят прокуратураси маълумотига кўра, мазкур жиноятни содир этишда 28 ёшдан 40 ёшгача бўлган 6 нафар фуқаро гумонланмоқда. Тажовузда гумон қилинганларнинг барчаси оилали бўлиб, улардан 4 нафарининг 2 нафардан, бирининг 3 нафар, яна бирининг эса 4 нафар фарзанди бор.