Андижон вилояти Андижон тумани “Қорақалпоқ” МФЙ ҳудудидаги Зарипак кўчасида жойлашган дала шийпонида беш нафар эркак 18 ёшли келиннинг зўрлаганига оид ҳодиса Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси томонидан назоратга олинди. Бу ҳақда юқори палата матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Қайд этилишича, 17 май куни Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан ўрнатилган тартибда қўмитага бу борада дастлабки маълумотлар тақдим этилган.
“Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, Андижон вилояти ИИБ томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилган Сенат хабарномасида.
Андижонда бир гуруҳ шахс томонидан дала шийпонида беш ой аввал турмушга чиққан келинчакнинг номусига тегиши ҳодисаси бўйича маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари Ўзбекистон Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. Вилоят прокуратураси маълумотига кўра, мазкур жиноятни содир этишда 28 ёшдан 40 ёшгача бўлган 6 нафар фуқаро гумонланмоқда.