Андижонда ноқонуний қурилган кўп қаватли уй тадбиркор ҳисобидан бузилади

Андижон шаҳрида бузилаётган кўп қаватли уй (Қурилиш вазирлиги матбуот хизмати фотоси)

Ўзбекистоннинг Андижон шаҳрида қонунга зид равишда қурилган кўп қаватли уй бинони қураётган тадбиркор ҳисобида бузиб ташланади.

Қурилиш вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, фуқаро Б. Усмоновга Андижон шаҳар Машраб кўчасида жойлашган 400 квадрат метр майдон берилган. Андижон шаҳар ҳокими қарори билан ажратилган бу ерда 7 қаватли уй қурилиши учун рухсат берилган. Унинг биринчи қаватида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари, юқори қаватларида эса хонадонлар жойлашиши керак бўлган.

Текширув чоғида тадбиркор Б. Усмонов томонидан бинонинг юқори қисмига шаҳарсозлик хужжатларисиз ноқонуний равишда яна қўшимча битта қават қўшиб, 8-қаватда қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилаётгани аниқланган ва ушбу ҳолат бўйича ўрнатилган тартибда қурилишни тўхтатиш тўғрисида ёзма кўрсатма берилган.

“Мазкур ҳолатнинг олдини олиш, яъни ноқонуний қурилишга йўл қўймаслик бўйича қурилиш объектида масъул буюртмачининг техник ва лойиҳа ташкилотининг муаллифлик назорати ходимлари томонидан ҳеч қандай қонуний чоралар кўрилмаган”, дейилган хабарномада.

Вазирлик қайдича, ҳозирги кунда Б. Усмонов томонидан ноқонуний амалга оширилган қурилиш-монтаж ишлари тадбиркор ҳисобидан бузиляпти, мазкур жараён Андижон вилоят қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси томонидан назоратга олинган.

Шу йил 10 январида Жиззах шаҳрида қурилиши тугалланмаган олти қаватли уйнинг бир қисми қулаб тушгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. Ҳодиса ортидан Жиззах вилоятида текширув ва кадрлар ўзгаришлари бошланиб кетган эди.