Андижон вилоятининг Марҳамат туманидаги 72-ихтисослашган давлат умумтаълим мактабида таълим сифати ночорлиги, ўқувчиларнинг ОТМларга кириш кўрсаткичи пастлиги учун ўқитувчиларнинг ота-оналар олдида тик туриб узр сўраттирилгани жамоатчилик орасида кескин эътироз уйғотди.
Kun.uz нашри ўз манбаси сўзларига таянган ҳолда мазкур тадбирга туман халқ таълими бўлими мудири ва ҳоким ёрдамчиси масъул бўлгани ҳақида ёзди.
Ижтимоий тармоқларда Марҳаматдаги ҳолат ўқитувчилар шаънини ерга уриш ўлароқ талқин қилинди. Муҳокамалар ортидан ХТВ матбуот котиби Лайло Рустамова вазирлик ҳодисани қоралаши юзасидан баёнот тарқатди. Кейинроқ халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов Марҳамат туманида юз берган ҳолатни “давлат сиёсатига қарши амалга оширилаётган ҳаракат” деб баҳолади.
“Бу ҳаракат қандай мақсадда амалга оширилгани менга қоронғу, лекин айбдорлар албатта жавоб бериши керак. Шу ўринда мен ўқитувчилардан ўз қадр-қимматларини ерга уришга йўл қўймасликларини сўраб қоламан”, дейилган вазир муносабатида айни пайтда ХТВнинг ҳуқуқий-назорат хизмати томонидан ишчи гуруҳ ташкил этилиб, ҳолат ўрганилаётгани, “ташаббускорлар”га тегишли чора кўрилиши билдирилган.
Марҳаматдаги ҳолатга муносабат билдирган Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов “Андижонда ўқитувчилар ота-оналар олдида бош эгиб, узр сўрашга мажбурлангани учун вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг шахсан ўзи барча устозлардан узр сўраши керак”лигини урғулади. Бироқ ўқитувчилардан узрни Шуҳрат Абдураҳмонов эмас, Марҳамат тумани ҳокими Бобур Йўлдошев сўради. Вилоят ҳокими эса Марҳаматдаги ҳолатни ўз назоратига олганини билдириб, “ушбу хатога йўл қўйган ҳар қандай раҳбарларга қонунда белгиланган жазо чораларини кўрилиши”ни ваъда қилди.
Аввалроқ туман ҳокимлиги матбуот хизмати мактабда ўтказилган тадбир ижтимоий тармоқларда бошқача талқин қилинаётгани, у “кимнингдир руҳиятини синдириш мақсадида эмас, ўқитувчилар ҳамда ота-оналар ўртасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган”ини иддао қилган эди.