Андижон шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан блогер Абдуфатто Нуритдиновга қарши очилган жиноят иши бекор қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Ҳаёт Шамсутдинов телеграм канали орқали маълум қилди.
Қайд этилишича, Отабек Нуритдинов тахаллуси остида фаолият юритадиган Абдуфатто Нуритдинов шу йил октябрь ойида Facebook ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифасида Андижон шаҳридаги 25-мактаб директор ўринбосари Гулчеҳра Мирзаевани “маънавий бузуқ аёл” ва шу каби сўзлар билан ҳақоратлаганлиги бўйича 20 ноябрь куни Андижон шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 140-моддаси (ҳақорат қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Бундан хабар топган блогер ўзига нисбатан асоссиз жиноят иши қўзғатилганлиги ҳақида Facebook’да пост қолдирган. Бу маълумот асосида Андижон вилояти прокуратураси ташаббуси билан мазкур жиноят иши назорат тартибида ўрганилган.
БП мулозими Ҳ. Шамсутдиновга кўра, ҳолатни ўрганиш чоғида жиноят иши қўзғатиш ҳақидаги қарорни қабул қилишда жиноят-процессуал қонунчилиги талабларига тўлиқ риоя қилинмаганлиги аниқланган. Шу важдан Жиноят-процессуал кодексининг 23-моддаси (айбсизлик презумпцияси) 3-қисмига мувофиқ, Абдуфатто Нуритдиновга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бекор қилинган.
Блогер А. Нуритдинов ўтган йил 30 декабрь куни маҳаллий мулозимлар шикояти асосида Андижон вилояти маъмурий суди томонидан 15 сутка қамоқ жазосига ҳукм қилинганди. Расмий маълумотларда айтилишича, Абдуфатто Нуритдинов туҳмат, ҳақорат ва майда безориликда айбдор, деб топилган. А. Нуритдинов ўзига қўйилган айбловларни тан олмаган ва кассация тартибида судга шикоят қилган. Суд унинг шикоятини рад қилган ва блогер 15 суткадан сўнг – 2020 йил 14 январида озод қилинган.
Андижонлик блогер 15 суткага қамалган пайтда Озодлик суҳбатлашган манбалардан бири Абдуфатто Нуритдиновнинг “асосан Андижон вилояти ва Асака тумани ҳокимлик вакилларининг бюджет пулларини талон-торож қилишларини аёвсиз ёритиб келган”ини айтган эди.