Россия томонидан аннексия қилинган Қримда коронавирусдан ўлганлар сони кўпайиб кетгани туфайли ўликхоналар тўлиб кетган. Яриморол расмийлари мурдаларни сақлаш учун мобил музхоналар сотиб олишни режаламоқда. Бу ҳақда “Коммерсантъ” нашри Қрим соғлиқни сақлаш вазири лавозимини вақтинча бажариб турган Константин Скорупскийдан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
Мулозимга кўра, симферополликлар ўликхоналардан яқинларининг жасадлари ёмон ҳолатда берилганидан шикоят қилганлар. Қрим расмийлари музхоналар ўликхоналар юкини камайтиришга ёрдам беришига умид қилишмоқда.
Севастополда маҳаллий расмийлар шаҳарга киришда блокпостлар ўрнатишга қарор қилишган, у ерларда ўтувчилардан COVID-19 га қарши эмланганлик тўғрисидаги сертификат ёки кишининг коронавирус юқтириб олмаганини тасдиқловчи ҳужжат сўралади. Хасталикка чалинмагани ПЗР-тест орқали тасдиқланган ёки кишининг коронавирусдан соғайганига оид маълумотнома шифокорнинг оригинал муҳри бўлганидагина қабул қилиниши айтилмоқда.
Ўтган кеча-кундузда аннексия қилинган Қримда коронавирусга чалиниш бўйича 655 та ҳолат қайд этилган, бу эса пандемия бошидан бери кузатилган рекорд кўрсаткич бўлиб ҳисобланади.
Яриморолда 30 октябрдан 7 ноябргача таътил эълон қилинган. 25 октябрдан эътиборан меҳмонхоналарга фақат QR-кодга эга кишиларгина қабул қилинмоқда. Бундай чора кафе, кинотеатр ва савдо марказларига киришда ҳам қўлланиляпти.