Ўзбекистонда аномал иссиқ шароитда “ғўзани парваришлаш долзарб 30 кунлиги” эълон қилинди

Иллюстратив сурат.

Президент Шавкат Мирзиёев 27 июль куни ўтказган йиғилишда “ғўзани парваришлаш долзарб 30 кунлиги” ўтказилишини эълон қилди.

Президентнинг айтишича, сўнгги йиллардаги иқлим ўзгаришлари пахтачилик олдига янги вазифалар қўймоқда. Мирзиёев ўн кундан бери Ўзбекистонда кундузги ҳарорат 43 градусдан юқори бўлаётганини таъкидлаган ҳолда, вилоят ҳокимларига “долзарб 30 кунлик” ўтказиш тўғрисида кўрсатма берган.

Президентга кўра, аномал иссиқ пахтачилик учун фавқулодда ҳолатдир. Шунинг учун йиғилишда барча имкониятларни сафарбар қилиб, ҳосилни сақлаб қолиш зарурлиги таъкидланди.

– Иқлим ўзгариши келгусида ҳам салбий таъсир кўрсатишини ҳисобга олиб, иш тутишимиз керак. Бу масалага илмий ёндашиш шарт, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, йиғилишда инновацион ривожланиш вазири, пахтачилик кенгаши раиси И. Абдураҳмонов ҳисобот берди. Унга кўра, пахтачилик кенгаши аъзолари Қуйичирчиқ, Сайхунобод, Навбаҳор, Нарпай, Вобкент ва Қоракўл туманларига бориб, ҳақиқий аҳволни ўрганган.

Жумладан, уруғлик пахта экилган майдонларда кўчат тиғизлиги меъёрга нисбатан 35-40 фоизга ошириб юборилган. Айрим далаларда ғўзанинг тепасида ҳосил деярли йўқ, пастида эса 2-3 та кўсак бор, холос. Зарарли ҳашарот ва касаллик турлари ҳам кўпайган.